Осиё футбол конфедерацияси Чемпионлар Лигасининг қолган учрашувларини қай тарзда ўтказиш борасида ўз вариантини тақдим этди, дея хабар қилмоқда Алишер Никимбаев.

Фото: «Пахтакор» матбуот хизмати

Аввалроқ Ғарб минтақаси вакиллари иштирокида Доҳа (Қатар, Эрон ва Ироқ) ва Дубай (БАА ва Саудия Арабистони) шаҳарларида мазкур масала муҳокама қилинганди. Унда учта вариант илгари сурилган, улардан бири мусобоақани июлнинг охирига қолдириш ва ҳар бир гуруҳ ўйинларига биттадан мезбон тайинлашдан иборат эди.

ОФК қарорига кўра, Ғарб минтақасида Чемпионлар Лигаси август ойидан давом эттирилади ва мамлакатлараро парвозларсиз бўлиб ўтади. Бу шундан далолат берадики, ОФК ҳар бир гуруҳ ўйинлари учун биттадан мезбон тайинлайди. Аризалар қабул қилинади ва улар ичидан муносиблари ташкилот томонидан танланади.

Ўзбекистон ҳам гуруҳлардан бирини ўзида қабул қилиш имкониятига эга. «Пахтакор» иштирок этаётган «Б» гуруҳи ўйинлари Тошкентда бўлиб ўтиш эҳтимоли мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, дастлабки икки турдан сўнг «Пахтакор» клуби 6 очко жамғарган ҳолда Саудиянинг «Ал-Ҳилол» жамоаси билан биргаликда пешқадам бўлиб турибди. Мусобақа коронавирус туфайли тўхтаб қолганди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!