Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов аҳоли ўртасида тарқалган спирт истеъмол қилиш коронавируснинг олдини олишда ёрдам бериши ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирди.

Фото: «Дарё»

«Агар спирт ёрдам бера олганида, Ер юзида ОИТС, вирусли гепатит B, гепатит C, COVID-19 коронавируси ҳам бўлмас эди.

Хитой, Корея, Францияда уни ичишмади, деб ўйлайсизми? Уларда ҳам ичиб кўрганлар бўлади. Лекин бу сақламади. Бу нотўғри», — деди Шодмонов «Қадамма-қадам» лойиҳасидаги чиқишида.

Вазир алкоголнинг кўплаб касалликларга сабаб бўлишини эслатди.

«Ҳаммамиз биламизки, алкоголь истеъмол қилувчиларда жуда кўп сурункали касалликлар ривожланади. Булар — ошқозон, жигар, буйрак касалликлари. Алкоголь истеъмол қилганларда иштаҳа очилиб кетади-да, овқатни меъёридан ортиқ еб қўйиб, семизлик келиб чиқади, қорин пайдо бўлади», — дея қўшимча қилди у.

Аввал ижтимоий тармоқларда ССВ томонидан спиртли ичимликлар ичиш коронавирусдан ҳимоя қилиши ҳақида тарқалган фейк SMS’лар ёлғонлигини билдирган. Шунингдек, Туркияда коронавирусдан «ҳимояланиш» учун қўлбола спирт ичган 15 нафар туркманистонлик вафот этган, шунга ўхшаш ҳолат Эронда 7 кишининг ўлимига сабаб бўлгани ҳақида хабар берилган.