Психология фани ўсмирларга қанчалик зарур? Мактабда фан сифатида қандай ташкиллаштириш керак? Бу ҳақда психолог Сарвиноз Омонова фикр юритади.

Фото: Сарвиноз Омонова

Бу мақола Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ўсмирларда депрессия ва суиқасд ҳолатлари статистикаси билан бошланиши мумкин эди. Бироқ қўрқинчли статистикасиз ҳам ўсмирларга осон эмаслигини биламиз — ахир ҳаммамиз бу босқичдан маълум бир қийинчиликлар билан ўтганмиз.

Кимдир ташқи кўринишидан норозилик ҳиссини туйган, кимдир тенгдошлари билан муносабат ўрнатишда қийналган, кимгадир баъзи фанлар оғирлик қилган. На катта одам сифатида буткул тан олиниш, на боладай эркаланиш мумкин бўлган бу даврдаги муаммоларни санаб тугатиш қийин.

Психологик муаммоларга дуч келган катта ёшли одамнинг психологга мурожаат қилиши бир мунча осонроқ: пули ва вақти бўлса етарли. Аммо мактаб ўқувчисига тўсқинлик қилувчи бир неча омиллар бор:

  • психолог фаолияти билан таниш эмаслиги;
  • мактаб психологи сир сақлашига ишонмаслик, муаммоларидан ўқитувчи ва ота-онаси хабар топишидан хавотир олиш;
  • шахсий пулларининг йўқлиги;
  • ота-онасининг «олдидан ўтиши» кераклиги;
  • тенгқурлари «жинни» деб ўйлашидан қўрқув ва ҳоказо.

Муаммолардан қийналган ва психолог ёрдамини ололмаган ўсмир ё конструктив (бунёдкор) йўлдан бориши, ё деструктив (вайронкор) йўлга кириши мумкин. Конструктив йўлни танлайдиган ўсмирлар ўзини таҳлил қилишга мойил бўлади, китоблардан, фильмлардан ечим излайди, фан ёки спортга ўзини бахшида қилади. Аммо барча муаммоларига ҳар доим ҳам ижобий ечим тополмайди. Деструктив йўлдаги ўсмир зарарли одатларга берилади, ички курашини ташқарига кўчиради — яқинлари билан зиддиятларга боради, баъзи ҳолларда суиқасдга қўл уриши ҳам мумкин.

Одатда, мактабда ўтиладиган фанлар билимни оширишга қаратилган бўлади. Психология фанининг жорий этилиши нафақат ўсмирнинг психика ҳақидаги билимларини кенгайтириши, балки ўз-ўзига ёрдам воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Мактаб психологининг ҳамма ўқувчи билан ишлашга вақти етмаслиги, асосан, муаммоси оғир ўқувчилар билангина ишлашини ҳисобга олсак, психология фани ўтилиши бошқа ўқувчиларнинг психологик билимларга бўлган чанқоғини қондиради.

Фото: Google Photos

Келинг, психология фанининг ўтилиши зарурлигини белгиловчи сабабларни кўриб чиқайлик:

  • Ўзлаштириш кўрсаткичларига ижобий таъсир қилади

Диққат, хотира, идрок сингари билиш жараёнлари ҳақидаги дарслар боланинг ўз имкониятларини аниқлашга, кейинги ўқув фаолиятини шу асосда ташкил қилишига ёрдам беради. «Нега мен дарсларни синфдошларимдан кўра ёмон ўзлаштиряпман? Менга нима қилган?» сингари саволлар бўлмайди. Ўқувчи фанларни ўзлаштиришда шахсий — ўзи учун мос усуллар қўллашни бошлайди. Дарсларда ўқитувчи билан бирга диққат ва хотирани ривожлантирувчи методикалар билан ишлаш қўшимча ёрдам бўлади.

  • Шахслараро муносабатлар қуриши осонлашади

Ўсмирлик даврида, асосан, уч хил муносабатларда муаммолар кузатилади: ота-она билан, тенгқурлари билан, севган қизи/йигити билан муносабатларда. Ўз ички кечинмаларини етказолмаслик, ҳиссиётларини бошқаролмаслик, шахсий чегараларини билмаслик бу муносабатларни қийинлаштиради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ҳар йили 180 нафар ўсмир тенгқурлари томонидан қилинган зўравонлик туфайли ҳалок бўлади. Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг асосий сабаби эса оилавий зиддиятларга бориб тақалади.

Муомала қилиш, севги, шахсий чегараларга оид дарслар юқоридаги муаммоларни ҳал қилишда фойдали бўлади.

  • Қувватини йўналтиришни ўрганади

Энергияни тўғри бошқариш — ҳаётни тўғри ташкиллаштириш демакдир. Физиологик ҳамда эмоционал ўзгаришлар туфайли ўсмир қандай йўл тутишни билмай қолиши мумкин. Баъзида дунёни ишғол қилишга ёки вайрон қилишга етадиган кучи борлигини ҳис қилади. Дам олиш турлари, сублимация (ички энергияни санъат, фан, спортга йўналтириш) ҳақидаги дарслар ўсмирга ҳаётини ташкиллаштиришда ёрдам беради.

  • Ўзини яхшироқ англайди

Темпераменти, характери, қобилиятларини билиб олади. Ўсмирлик — ўзини англашга интилиш энг кучаядиган давр. Хулқ-атворига нисбатан ўқитувчилари ва ота-онаси томонидан норозиликлар, тенгдошлари билан муносабатлардаги қийинчиликлар ўзини ўрганишга ундайди. «Нега мен бунақаман?» деган савол қийнайди. Характерлар типологияси, инторверсия-экстроверсия, темпераментлар ҳақидаги мавзулар ўсмир учун қизиқ бўлиб, ўзи ва бошқаларни англашига ёрдам беради. Қобилиятлар ҳақидаги мавзу билан танишиш ўзини қобилиятсизликда айблашга якун ясайди, қандай фаолият билан шуғулланиш унинг ўзини намоён этишига ёрдам беришини тушунади.

  • Стресс, депрессия ҳолатлари билан курашишни ўрганади

Стресснинг қандай пайдо бўлишидан хабардорлик, эмоционал стресс ҳамда информацион стрессни фарқлай олиш, қийин вазиятлардан чиқиш йўллари билан танишиш дарслари ўсмирга асқотиши тайин.

Фото: Google Photos

  • Қарамликлар, зарарли одатлардан профилактика

Оилавий муаммолар, тенгдошларининг ундаши, кучли кўриниш истаги туфайли ўсмир алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни бошлаши мумкин. Бундан қўрққанлари эса «зарарсизроқ» туюлган — компьютер ўйинлари ва интернетга қарамликни бошдан кечиради. Психик саломатлик учун қандай турмуш тарзи кечириш, қарамликлар қандай пайдо бўлиши, оқибатлари, улардан чиқиш йўллари ҳақидаги дарслар юқоридаги муаммоларнинг олдини олиш ёки уларни ҳал қилишда ёрдам беради.

  • Ташқи кўринишини қабул қилишга ёрдам беради

Ўсмирлик даврида танада юз берадиган ўзгаришлар ўзига нисбатан баҳога тўғридан-тўғри таъсир қилади. Одатда, қизларнинг қоматини қабул қилолмаслиги анорексия ва булимия сингари касалликларга олиб келади. Ягона гўзаллик стандартлари йўқлиги, ҳар бир одам ўз ҳолича жозибали бўлиши мумкинлиги, танасини қабул қилолмаслик қандай салбий оқибатларга олиб келишини тушунтириш дарслари жуда зарур.

  • Физиологик ўзгаришларга оид муаммолар олдини олади

Физиологик ўзгаришлар ўсмирда бир қанча саволларни уйғотади. Ота-онаси билан очиқ бу мавзуларда гаплашишга қийналадиган ўсмир тенгқурлари ёки интернетдан олган «кўча тажрибаси» билан ножўя хатти-ҳаракатлар қилиб қўймаслиги учун фан орқали тушунтиришлар бериш лозим. Жинсий органлар тузилиши, физиологик ўзгаришлар ҳақида тасаввурларнинг йўқлиги ёки нотўғрилиги юқумли касалликлар ҳамда эрта ҳомиладорлик ҳолатларига сабаб бўлиши мумкин. Буларнинг олдини олиш учун физиологик ўзгаришларга доир дарслар ўтилиши ҳам фойдадан ҳоли эмас.

Психология фанининг мактабда ўтилиши зарурлигига юқорида санаб ўтилган омиллар етарли деб ҳисобласак, энди дарсларни ташкиллаштиришга оид бир қатор жиҳатларга ҳам назар солиш лозим.

  • Психология мажбурий фан сифатида ўтилса, уни мажбуран ўрганишга, имтиҳон топширишга тўғри келади. Ўқувчи фанни ёмон кўриб қолмаслиги, ундан қочмаслиги учун психологиянинг факултатив дарс сифатида ўтилиши маъқул.
  • Психология дарслари одобнома, маънавият соати дарсларига айланиб қолмаслиги, илмий тушунтиришлар устувор бўлиши лозим.
  • Дарс назарий ҳамда амалий қисмлардан иборат бўлиши, ўқитувчи томонидан фанга оид билимлар бериш билан бирга методикалар билан ишлаш, тренинглар ўтказиш ҳам фойдали бўлади.
  • Психология фани 5-синфдан 11-синфгача ўтилиши, дарслар ўқувчининг ёши ҳамда идрок қила олиш имкониятини ҳисобга олиб ташкиллаштирилиши керак. Битта мавзу фақат битта синфда ўтилмаслиги, соддадан мураккабга қараб ривожлантирилган ҳолда бир неча синфларда ўтилиши ҳам мумкин.
  • Фанни «Умумий психология», «Ўсмирлик даври психологияси», «Шахслараро муносабатлар психологияси», «Оила психологияси», «Психогигиена» сингари тармоқларга ажратган ҳолда ўтиш ҳам мумкин.

Алифбони билмасангиз, ёзувни ўқиёлмайсиз. Психологик билимлар ҳаётий муаммоларимизни англашимиз учун алифбодай хизмат қилади. Улар билан қанча эртароқ танишсак, шунча яхши.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.