4 март куни Вазирлар Маҳкамасида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигида Ўзбекистонга коронавируснинг кириши ва тарқалишини олдини олиш бўйича комиссия аъзолари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ва туризм соҳаси субъектлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмат хабар берди.

Фото: Forbes

Тадбир доирасида хусусий сектор вакиллари ушбу масала юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Туроператорлар дунёда коронавируснинг таъсири остида йўқотишли келиши кутилаётган мавсум учун солиқ таътилини эълон қилиш ҳамда авиа ва темир йўл транспорти чипталари бекор қилинганлиги учун жарималарни бекор қилишга оид таклифларини баён қилди.

Бундан ташқари, туроператорлар вақтинча бекор қилинган йўналишлар туфайли бўш турган самолётларни коронавирусдан холи бўлган Туркия, Қозоғистон каби давлатларга ҳамда ички авиақатновларга йўналтиришни таклиф қилди. Бунда улар ушбу парвозларни Тошкент шаҳри билан бирга Самарқанд, Бухоро ва Урганч аэропортлари орқали ҳам амалга ошириш ҳамда Урганч ва Бухоро шаҳарларини кунлик авиақатновлар билан боғлаш имкониятларини кўриб чиқишни сўради.

Муҳокамалар якунига кўра, мутасадди ташкилотлар томонидан коронавируснинг туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, уларнинг ҳукуматга киритилиши белгиланди.

Бунда айни дамда мураккаб вазиятга тушган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ташқи таъсир омилини пасайтириш мақсадида ички туризмни ривожлантириш учун қўшимча имтиёз ва преференсиялар бериш, коронавирус қайд этилмаган давлатлардан сайёҳларни жалб қилишга оид қўшимча чора-тадбирларни кўриш, республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тадбиркорларга молиявий кўмак бериш имкониятларини ўрганиш, тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш кўзда тутилади.