«Ростов» ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов фаолиятини Ла Лига клубида давом эттиришга яқин бўлган.
Бу ҳақда россиялик футбол агенти Герман Ткаченко Олий иқтисодиёт мактабида бўлиб ўтган анжуман вақтида айтиб ўтди.
— Смолов Европада қолади деб ўйлайсизми?
«Биз шундай бўлишини хоҳлаймиз. Албатта, якуний қарорни у қабул қилади.
«Сельта» дастлаб бизга Шомуродов бўйича мурожаат қилди, аммо биз: «Бунинг иложи йўқ» деб жавоб бердик. Кейин ярим соатлардан сўнг Смолов вариантини ўзаро муҳокама қилдик. Натижа эса ҳаммага маълум. «Локомотив» ҳам бу борада бизни қўллаб-қувватлаганидан мамнунмиз», — дейди Ткаченко.
Маълумот учун, тажрибали агентнинг бошқа бир мижози россиялик Фёдор Смолов қишки трансферлар вақтида «Сельта» клубига ижара асосида йўл олган эди.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродовнинг «Ростов» билан амалдаги шартномаси 2024 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган, бироқ ҳужумчи жорий мавсум якунлангач жамоасини ўзгартириш истагида.
Аввалроқ унинг агенти ўзбекистонлик футболчи «Ростов»дан бошқа рус клуби сафига бориб қўшилмаслиги, келгусида унга Англия ва Германия чемпионатларидан таклифлар бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам айтиб ўтганди.
Элдор Шомуродов жорий мавсум Россия Премьер Лигасининг 20 та учрашувида майдонга тушиб, 11 та тўп киритди ва 5 та голга ассистентлик қилди.
Футболчининг айни дамдаги трансфер нархи 6,5 миллион евро сифатида баҳоланмоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)