Короновируснинг Ўзбекистонда тарқалишини олдини олиш мақсадида бугун, 27 февраль куни, Сеулдан келган HY514 рейси йўловчилари Тошкент аэропорти халқаро терминалининг алоҳида залида вақтинча санитария изоляциясига жойлаштирилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways хабар берди.

Фото: Telegram

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир қатор зарур профилактик тадбирлар ўтказилиб, SARS белгилари йўқлиги тасдиқлангандан сўнг, йўловчиларга карантин хонасидан чиқишларига рухсат берилади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Жанубий Кореяда коронавирус билан касалланганлар сони 1146 кишига етгани ва 11 бемор вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Россия 1 мартдан Жанубий Кореяга авиақатновларни тўхтатмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси мамлакатнинг материк қисмида коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 78 минг кишидан ошиб кетгани, улардан камида 29 минг нафари даволаниб, касалхонадан чиқарилганини маълум қилди.