Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи 3 нафар фарзанднинг ёлғиз онаси Санобар Бобонованинг уйи бузиб ташланди. Оила эса кўчада қолди.

Бу ҳақда «Дарё»га шикоят қилган Санобар Бобонова фарзандларини ёлғиз ўзи катта қилаётган бўлишига қарамай ҳали қишнинг совуғи кетиб улгурмаган, ёмғирли кунларда кўчада қолаётганини, яшашга уйи йўқлигини айтмоқда.

Фото: Видеодан скриншот

«Жорий йил 5 февраль куни уйимизни бузиб ташлашган, бу пайтда мен ва ўғлим тирикчилик илинжида Тошкентда ишлаб юргандик, — дейди Санобар Бобонова. — Уйимизни бузишаётганини эшитиб, ўша куни йўлга чиқдик. Аммо улгурмадик, уйимизни бузиб бўлишган экан»

Санобар Бобонова

Фото: «Дарё»

Айтилишича, Санобар Бобонованинг онаси Зиёд момо Бобонова ўша куни уйни бузиш учун келганларга қаршилик кўрсатиб, уйни буздирмасликка ҳаракат қилган. Аммо уни судраб ташлашгач, ҳушидан кетган ва тез ёрдам машинасида олиб кетилган.

Зиёд момо Бобонова

Фото: «Дарё»

«Уйни бузмайсизлар, деб ичкарига кириб олдим, — дейди Зиёд момо Бобонова. — МИБ ходимлари мажбурий тарзда олиб, чиқишди. Қаршилик кўрсатишга урингандим, судраб ташлашди. Шундан сўнг ҳушимни йўқотганман»

Зиёд момонинг келини Моҳигул Суюнованинг айтишича, уйни бузишга келганлар ичкарига эшик қулфини бузиб кирган.

Фото: «Дарё»

«Аввал 4 киши бўлиб келишди. Ҳовлига киришгач, уй ичига кириб, эшикни ёпдик. Эшик қулфини бузиб, зўравонлик билан ичкарига киришди, — дейди Моҳигул Суюнова. — Қайнонамни судраб ташқарига олиб чиқиб ташлашди ва уйни бузишга киришишди»

Моҳигул Суюнова

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, Санобар Бобонова 2014 йил туманнинг «Дам» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ер участкасидан ўзбошимчалик билан 3 хонали уй қуриб олган. Чироқчи туман ҳокимлиги эса «фуқаро йўлни тўсиб қўйди» деб уни судга беради. 2017 йил 6 июнь куни ишни кўриб чиққан, Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туман суди Санобар Бобоновага тегишли уйни бузиш тўғрисида қарор чиқаради. Фуқаро суд қарорини бажаришни пайсалга солгани боис иш МИБ туман бўлими зиммасига ўтади. МИБ фуқарони 5-6 марта огоҳлантиради. Ҳатто 2018 йил май ойида уйни бузиш учун техника билан боради.

Ўша кунги бузиш ишларига гувоҳ бўлган «Дам» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зиёд момо Бобоновани судрашганини тасдиқлади.

Ёрқул Бекмуродов

Фото: «Дарё»

«Зиёд момони уйдан чиқаришга уринишди, аммо ўз хоҳиши билан чиқмагач, тортиб олиб чиқишди, — дейди маҳалла раиси Ёрқул Бекмуродов. — Мен ҳам уйни бузмаслик ҳақида сўрадим. Аммо қаршилик кўрсатиш фойдасиз эканлигини, агар қаршилик қилсам, жавобгарликка тортилишимни айтишди»

Ҳудуддан сайланган депутат Баҳром Худойбердиев эса воқеадан умуман бехабар бўлган.

Баҳром Худойдердиев

Фото: «Дарё»

«Мен мухбирлар келди, дейишгач воқеадан хабар топдим, — дейди депутат Баҳром Худойбердиев. — Энди оилага ёрдам беришга ҳаракат қиламан»

Маҳалла раисининг таъкидлашича, уй бузилгач воқеа жойига келган туман ҳокими Хуррам Жўраев раисни бузиш ишларига тўсқинлик қилолмагани учун койиган.

«Керак бўлса, ўзингни трактор тагига ташламайсанми, нега уй бузилишига қўйиб бердинг, деб ҳоким мени уришди», — дейди маҳалла раиси.

Фото: «Дарё»

МИБ ходими Нурбек Хидиров эса уйни бузиш ишлари кечикаётгани судда даъвогар бўлган туман ҳокимлигига ёқмаганини, шу боисдан ҳам ҳокимнинг ўзи МИБ туман бўлими бошлиғига уйни бузиш ҳақида топшириқ берганини айтмоқда.

«Суд қарори ижроси кечиккани учун туман ҳокими бизнинг бошлиғимизга бузиш ҳақида топшириқ берган, — дейди Нурбек Хидиров. — Биз эса бошлиқнинг талабини бажардик»

Туман ҳокими ўринбосари Ўктам Абдураҳимов эса ҳокимлик МИБ ҳаракатини олдин ҳам тўхтатишга уринганини таъкидламоқда.

Ўктам Абдураҳимов

Фото: «Дарё»

«Ваколатимизга кирмаса-да, фуқаро ҳақида қайғурганимиз учун ҳам 2018 йил май ойида МИБ фуқаронинг уйини мажбурий тартибда бузиш учун борганида МИБ раҳбариятига илтимос  қилиб, ижрони маълум муддатга тўхтатдик, — дейди Чироқчи туман ҳокими ўринбосари Ўктам Абдураҳимов. — Боиси фуқаро Бобонованинг уйи Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармон талабларига тўғри келиб, фуқаро уйини ҳужжатлаштирар деган умид бор эди. Аммо Санобар Бобонованинг уйи акция талабларига тўғри келмади. Афсуски, уй бузилиши жорий йилнинг февраль ойига тўғри келди.

Санобар Бобонова акция даврида ҳам уйини ҳужжатлаштиролмаганини айтмоқда.

Фото: «Дарё»

«Уйимизни бузиш тўғрисида суд қарори чиққач, бузмаганимиз рост, — дейди Санобар Бобонова. — МИБ 5-6 марта огоҳлантириш ҳам берди. Аммо яшаш уйимиз йўқлиги ва шарт-шароитимиз оғирлиги боис бузолмадик. Президентимиз томонидан бир марталик акция эълон қилингач, уйимизни ҳужжатлаштиришга уриндик. 5 йил давомида солиқларни мунтазам тўлаб келганимизни тасдиқловчи ҳужжатларни олиб бордик. Лекин ҳужжатлаштириб беришмади»

«Фуқаро Бобонованинг уйи можароли бўлгани ва 15 йил муддат яшамагани боис акция талабларига тўғри келмади», — дейди ҳоким ўринбосари.

Ойдин Хуррамовага тегишли ер участка

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, Санобар Бобонованинг ноқонуний қурилган уйи олдидан фуқаро Ойдин Хуррамова ҳам ер участка сотиб олган. Аммо ҳали қурилиш қилмаган. Уларнинг ўртасидаги келишмовчилик Санобар Бобонованинг уйини ҳужжатлаштириш ишларига тўсқинлик қилган.

«Аслида ҳар иккала фуқаронинг ҳам ер участкаси ноқонуний, — дейди маҳалла раиси Ёрқул Бекмуродов. — Ноқонуний ерга эгалик қилиб, бир-бири билан тортишиб юрибди»

Санобар Бобонованинг тан олишича, МИБ ходимлари уни 5-6 марта огоҳлантирган. Ҳатто уйини бузишга ҳам уринишган. Шунга қарамасдан у мазкур ишларга бепарво бўлган.

Қонун ҳар доим ўз сўзини айтиши, ноқонуний турар жой бузилиши тайин, албатта. Аммо 2017 йилдан бери сабр қилган масъуллар қишнинг совуқ кунлари ўтиб улгурмаган, ёмғирли кунлар олдинда турган паллада мазкур оиланинг якка-ю ягона кулбасини бузиб ташлаши қанчалик адолатли?

Фото: «Дарё»

«Тўғри, инсонийлик нуқтаи назаридан олиб қарасак биз хато қилдик, — дейди туман ҳокими ўринбосари. — Фуқаронинг уйи бузилаётган пайтда ҳокимимиз малака оширишда эди. Келиши билан фуқаро хонадонига борди. Оилага ёрдам беришини, уйини бошқа жойдан қайта тиклаб олиши учун кўмаклашишини билдирди»

Санобар Бобонованинг маълумот беришича, туман ҳокими келиб кетгач, туман ободонлаштириш бошқармаси ишчилари бориб, бузиб ташланган уйнинг яроқли ғиштларини ажратиб олиб, ёмғирдан пана жойга жойлаштириб кетишган. Ундан кейин ҳеч қандай ҳаракат йўқ. Фуқаро эса қаердан бошпана топишини билмай сарсон бўлмоқда.

Муаллиф:Отабек Қўлдошев