Австрия ҳукумати коронавирус сабаб тўхтатиб қўйилган поездларнинг Италия чегарасидан мамлакатга ўтишига рухсат берди, деб хабар қилади «РБК».

Фото: AP Photo

Маълумотларга кўра, 500 га яқин йўловчи бўлган иккита поезд текширувлардан сўнг Бреннер довони орқали ўтказиб юборилган. Юқори тана ҳарорати аниқланган икки кишида коронавирус мавжудлиги тасдиқланмаган. Йўловчилар италиялик шифокорлар томонидан текширилгач, Вена поезд ҳаракатига рухсат берган.

Австрия соғлиқни сақлаш вазири Рудольф Аншобер ҳам коронавирус билан касалланганлар аниқланмаганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, чегара назоратини кучайтириш ва темирйўл қатновларини тўхтатишга ҳозирда зарурат йўқ. Шу билан бирга, Австрия ҳукумати вазиятдан хавотирда ва масала ҳукуматнинг экспертлар гуруҳи даражасида муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Италияда янги турдаги COVID-19 коронавируси оқибатида учинчи одам вафот этди. Сўнгги уч кун ичида Италияда коронавирус билан касалланганлар сони 152 кишига етган. Италия ҳукумати инфекция мамлакатда тарқалгани туфайли фавқулодда чоралар кўрмоқда.