Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида жойлашган тиббиёт бирлашмасида давлатнинг 281,9 миллион сўми ўзлаштирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, бирлашманинг пуллик хизмат бўлими мансабдор ва моддий жавобгар шахслари 2018—2019 йиллар давомида тиббий кўрикдан ўтиш учун мурожаат қилган 4 905 нафар фуқаро тўлаган пулларни бўлим ғазнасига кирим қилмай, жами 281,9 миллион сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Хўжаобод туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Жиззахдаги мактабда 200 миллион сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож қилингани, Тошкент вилоятида мактаб таъмирига ажратилган 242 миллион сўм пул ўзлаштирилгани хабар берилган эди.