Сўнгги бир сутка ичида Хитойда коронавирус қурбонлари сони 142 кишига кўпайди, яна 1323 киши эса касалликни юқтириб олган. 16 февраль ҳолатига кўра Хитойда 68 500 ҳолатда коронавирус билан хасталаниш қайд этилган, жаҳон бўйича 69 мингдан ортиқ инсон вирус билан зарарланган.

Фото: Reuters

Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирус қурбонларининг умумий сони 1665 кишига етган, 9 419 киши эса касалликни енгиб ўтиб, тузалишга муваффақ бўлган.

Хубэй провинциясида эса бир суткада 1843 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган, улардан 1548 таси коронавируснинг илк ўчоғи ҳисобланган Уханда аниқланган. Сутка давомида Хубэйда қурбонлар сони 139 кишига кўпайган (шундан 110 нафари — Уханда). Провинцияда 49 030 кишида коронавирус аниқланган, шунинг 35 мингдан ортиғи Уханга тўғри келади.

South China Morning Post ҳисоб-китобларига кўра, Хитойдан ташқаридагиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, коронавирус оқибатида 1669 киши ҳалок бўлган; вирус жаҳон бўйича 69 195 кишида аниқланган. Хитойдан ташқарида касалланганлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич Японияда — 16 февраль ҳолатига кўра, у ерда 338 киши коронавирусни юқтириб олган.

Шунингдек, Сингапурда 72 киши, Гонконгда 56 киши, Таиландда 33 киши, Жанубий Кореяда 28 киши айнан шу ташхис билан касалхонага ётқизилган. 15 февраль куни эса коронавирусдан вафот этиш билан боғлиқ Европадаги илк ҳолат қайд этилган.