Асли ўзбекистонлик бўлган бизнесмен Алишер Усмонов Лозаннадаги Олимпия музейига Пьер де Кубертеннинг Олимпияда ўйинларини ўтказиш тўғрисидаги чақирувлари битилган оригинал манифестини совға қилди. Бу ҳақда Россия Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.

Фото: IOC

2019 йилда манифест Sotheby’s аукционида номаълум харидорга 8,8 миллион доллар эвазига сотилган эди.

МОҚ раҳбари Томас Бах ҳужжатнинг совға қилинишини «тарихий лаҳза» деб атади. Усмонов эса ўз навбатида Олимпия музейи — «бебаҳо қўлёзма учун энг мақбул жой» эканлигини таъкидлаган.

Манифест 1889 йилда ёзилган. 14 вароқдан иборат қўлёзмага замонавий Олимпияда ўйинлари асослари ёзилган бўлиб, айнан ушбу ҳужжатда «халқлар ўртасидаги кураш фақат спортда бўлиши керак»лиги ёзилган.

Пьер де Кубертен — франциялик спорт ва жамоат арбоби, тарихчи, педагог, адабиётшунос. Замонавий Олимпияда ўйинлари ташаббускори. 26 йил давомида Халқаро олимпия қўмитасига президентлик қилган.