Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқуловнинг ёшлар билан навбатдаги мулоқотида туманнинг чекка қишлоқларидан бири — Оқиртмада яшовчи 215 нафар уюшмаган ёшлар муаммоси тингланди. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
— Зоир Алиқулов Оқиртма қишлоғида бўлиб, 215 нафар уюшмаган ёшлар муаммосини ўрганди, — дейилади туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида. — Қишлоқ ёшлари ҳоким билан мулоқотда айни кунда қишлоқда ёшларнинг ишсизлик муаммоси, тиббиёт ходимларининг етишмаслиги ҳақида сўз очиб, муаммоларни бартараф этишда кўмак сўради.
Ҳоким билан мулоқотда 28 ёшли чўпон йигит Умид Бакиров чорвачиликни ривожлантириш учун кредит сўраган бўлса, Гулсоат Сувонқулова тикувчилик йўналиши бўйича имтиёзли кредит берилишида ёрдам берилишига умид билдирди. Туман ҳокими мулоқотда иштирок этаётган АТ «Халқ банки» туман филиали раҳбарига мазкур масала билан шуғулланиб, 23 февралга қадар кредит берилиши лозимлигини таъкидлади.
Ҳоким ва ёшлар мулоқотида шунингдек, Бойқобил Холмуродов фермер хўжалиги ташкил этиш учун ер сўради. Азамат Раҳматуллаев эса деҳқончилик учун ер берилишини талаб қилди. Мазкур масала туман ҳокими ўринбосари Бахтиёр Бердиевга юклатилиб, тез орада ёшларга ер берилиши лозимлиги уқтирилди.
Деҳқонобод ҳокимининг уюшмаган ёшлар билан мулоқотида 7 та мавзу доирасида муаммолар кўтарилиб, 17 нафар ёшлар муаммосига ечим топилди.
Изоҳ (0)