Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг ёзишича, 5-қаватдан тушиб кетган 3 ёшли болани қутқариб қолган фуқароларга Тошкент прокурори номидан миннатдорлик ёрлиқлари ва совғалар топширилган.
Эслатиб ўтамиз, 14 январь куни Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг бирида 5-қаватда ёш бола осилиб қолгани ва пастга тушиб кетгани акс этган видео тарқалганди. Олмазор тумани Беруний мавзесидаги уйида қаровсиз қолдирилган 3 ёшли бола воқеа гувоҳлари томонидан қутқариб қолинганди.
Бола хонадон деразаси ташқарисидаги панжарага осилиб турганда қўшнилар пастда адёл тортиб, уни ушлаб қолишга муваффақ бўлишган. Бола жиддий жароҳатлар олмаган ва шифохонага етказилиб, текширувдан ўтказилганди.
28 январда Тошкент ҳокимлиги болани қутқариб қолган 3 эркак «Беруний-3» мавзесида яшовчи Риҳсибой Султонов, Мансур Иброҳимов ва Маъмур Иброҳимов эканини маълум қилди.
Жонкуяр инсонларга «фуқаролик бурчини теран англаганлик, масъулиятлилик ва фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш кўникмалари» учун Тошкент прокурори номидан миннатдорлик ёрлиқлари ва совғалар топширилди.
Изоҳ (0)