Тошкент вилояти Паркент туманида 24 январь куни соат 19:30 ларда номаълум ҳайдовчи бошқарувидаги машина Навбаҳор қўрғонидан Қорақалпоқ қишлоғи томон ҳаракатланаётган пиёда 50 ёшли И.Х.ни уриб юборган. Ҳайдовчи пиёдага ёрдам кўрсатмасдан воқеа жойидан қочиб кетган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ

Тўрт фарзанднинг отаси И.Х. олган тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.

Номаълум ҳайдовчини аниқлаш учун Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳодиса юз берган жой яқинидаги кузатув камералари видеоёзувларини ўрганиб чиқди. Воқеа содир бўлган вақтда шу йўлдан давлат рақами ва ранги номаълум «Жигули» машинаси ўтгани аниқланди. Паркент туманида рўйхатдан ўтган «Жигули» автомобиллари орасида И.Х.ни уриб юборган машина топилмади.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи Рустам Асқаровнинг «Дарё»га маълум қилишича, 28 январь куни Юқори Чирчиқ туманида ЙПХ инспекторлари томонидан текшириш учун тўхтатилган кул ранг «Жигули» қочиб кетишга ҳаракат қилган. Инспекторлар машинани қувиб етиб, ҳайдовчи билан суҳбатлашганда 24 январдаги ЙТҲ у томонидан содир этилгани маълум бўлган.

30 ёшли паркентлик Э.Ж. Ўрта Чирчиқда рўйхатдан ўтказилган «Жигули» машинасини ишончнома асосида бошқариб юрган. 24 январда И.Х.ни уриб юборгач, ҳодиса жойидан қочиб кетиб, машинасини таъмирлашга киришган. Автомобильнинг олд ойнасини ўзи алмаштирган. Устахонада машинасини таъмирлатганидан сўнг ортга қайтаётганида уни инспекторлар тўхтатган.

Э.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) ва 117-моддаси 2-қисми (Хавф остида қолдириш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши очилган. У ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиниб, бир неча йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Ҳозирда Паркент ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.