Собиқ «Абу-Сахий» бозори савдо қилувчи тадбиркорларнинг норозилиги акс этган видео бўйича Tashkent trade center хусусий корхонаси муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, 1-блок ҳудудида жойлашган савдо дўконларининг ёнғинга қарши ҳолатини ўрганган Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ёнғин содир бўлишига сабаб бўлувчи бир қанча камчиликларни аниқлаб, 1-блокда реконструкция ишларини амалга ошириш зарурати тўғрисида корхонага хулоса тақдим этган. Маъмурият 1-блокдаги «контейнер дўконлар»нинг иш фаолиятини вактинча тўхтатиб, уларни қайта реконструкция қилиш масалаларини кўриб чиқаётгани ва тегишли таклифлар ўрганилаётганлиги ҳақида мулкдорларни огоҳлантирган.
Мавзуга доир: Собиқ «Абу-Сахий» бозорида реконструкция қилиниши режалаштирилган қисмидаги тадбиркорлар маъмурият билан тортишди
Бироқ, «Мато бозори»нинг мулкдорлари ҳамда ижарачилари бу таклифга кўнмаган ва бозор маъмуриятига дўконларни босқичма-босқич қуришни, аввал 10 та дўконни қуриб, кейин қолганларига ўтишни таклиф қилган.
«Лекин бозор маъмурияти шуни расман маълум қиладики, янги савдо мажмуасини қисман ёки бўлиб-бўлиб қуриб бўлмайди. Сабаби, бир қурилиш биноси ягона тизим ва аниқ режага таянган смета асосида амалга оширилади.
Бундан ташқари, 1-блок савдогарлари томонидан янги барпо этилган савдо мажмуасининг 1-қаватидан вақтинча дўконлар ажратиб берилиши таклифи ҳам илгари сурилди. Бунга жавобан маълум қиламизки, корхонамиз томонидан 1-қаватдаги дўконларни 1-блок ҳудудидаги савдо дўконлари ҳисобидан келиб чиққан ҳолда тақсимлаш имкониятига эга эмас. Шу билан бирга, 1-блок ҳудудини қайта қуриб битказиш ишлари режалаштирилиши жараёнида янги барпо этилган савдо мажмуасининг пастки қаватидан айнан 1-блок мулкдорлари фойдаланиб туришлари учун 18—20 метр квадрат ҳажмдаги дўконлар қурилди. 1-блок ҳудудини вақтинча кўчириш ишларида сиғим юзасидан муаммо келиб чиқмаслиги учун мазкур дўконларни корхона томонидан сотиш ёки ижарага бериш ишлари умуман амалга оширилмади», — дейилади бозор маъмурияти хабарида.
Изоҳ (0)