Собиқ «Абу-Сахий» бозори, ҳозирги «Тошкент савдо маркази»нинг халқ тилида «мато бозори» деб юритиладиган 1-блокида савдо қилувчи тадбиркорларнинг норозилиги акс этган видео эълон қилинди.
Видеода оломон ўраб олган бозор маъмурияти вакилари бузиладиган дўконлар ўрнига қаердан жой берилиши ҳақида маълумот беришга уринаётгани, бироқ оломон уларга гапиришга имкон бермаётгани акс этган. Бозор мутасаддилари дўконлар реконструкция қилинганда ёки бузилганда мулкдорларга компенсация тўланиши, дўкон ўрнига бошқа дўкон берилиши ҳақида тушунтираётганда оломон ушбу таклифларни кадастр ҳужжатлари асосида қонуний амалга оширишни талаб қилган.
Тадбиркорлар 1-блокдаги дўконлар қурилишига ўртача 15—20 минг АҚШ доллари сарфланганини, видеодаги аёллардан бири эса иккинчи гуруҳ ногирони эканлиги, бошқа йўл билан тирикчилик қилишга имконияти йўқлигини маълум қилган.
Бошқа бир тадбиркор улардан дўконларни тортиб олишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини, ҳоким ўринбосарлари, бозор маъмурияти амалдаги қонунларга бўйсунмагани ва аслида улар маъмурият, савдогар ва инвестор ўртасида уч томонлама келишув имзолаши лозимлигини айтган. Унга кўра, инвестор лойиҳаси асосида тадбиркорларга компенсация тўланиши, дўкон эгасига ертўладан эмас, балки ўзи истаган ердан жой ажратилиши лозимлиги айтилган. Шунингдек, исмини ошкор қилмаган тадбиркор ҳокимлик ва бозор маъмурияти тадбиркорларни ушбу вазият юзасидан бир ҳафта аввал огоҳлантирмай, ёнғин хавфсизлиги талаби билан дўконларни бўшатишни талаб қилиши нотўғри.
Изоҳ (0)