Миграция масалалари нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё мамлакатларида ҳам йил сайин тобора ўсиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, хорижда юрган ўзбекистонликлар сони 2 миллион нафарга яқин бўлиб, уларнинг 80 фоизи Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат қилмоқда. 15 фоизи Қозоғистон, 5 фоизи Жанубий Корея, Туркия, БАА, АҚШ ва бошқа давлатларда ишламоқда. Бу ҳақда 23 январь, пайшанба куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.

Фото: «Дарё»

«Ҳозирги пайтда Россияда қанча ўзбек мигрантлари мавжудлиги бўйича аниқ рақамлар мавжуд эмас. Чунки қонуний ишлаётган юртдошларимизга нисбатан ноқонуний меҳнат қилаётганлари кўпчиликни ташкил қилади. Патент нархининг қимматлиги, рус тили ва бошқа масалаларда имтиҳон топшириш муаммоси борлиги, тил билиш ва ҳуқуқий маданият борасида етарли билим йўқлиги туфайли аксарият муҳожирлар қонуний ишлашни хоҳламаслиги маълум бўлди.

Россия статистик маълумотларига кўра, ушбу мамлакатдаги юртдошларимизнинг 33,5 фоизи қурилиш, 14,7 фоизи савдо ва автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, 14 фоизи қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишламоқда.

Ўтган йили Россиянинг Санк-Петербург, Қозон, Екантеринбург, Владивосток, Ростов-Дон шаҳарларида Ўзбекистоннинг бош консулхоналари тўлақонли ўз ишини бошлади. Шунингдек, Қозоғистоннинг Олмаота ва Оқтоу шаҳарларида ҳам ўз консулхоналаримиз фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирда Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Ўзбекистон бош консулхонаси фаолиятини йўлга қўйиш арафасида турибди. Айни пайтда барча консуллик хизматларини интерактив платформага ўтказиш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти», — деган Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти биринчи котиби Рустам Ғозиев.

Тадбирда таъкидланишича, депортация қилинган мигрантлар кўрсаткичи ўзгарувчан бўлиб, уларнинг сони ўсиши ёки депорт ечилиш ҳолатлари деярли ҳар куни кузатилади. Шу боис ҳозирда депорт қилинган ўзбек фуқаролари тахминан 300 минг нафарни ташкил этмоқда.

Фото: «Дарё»

«Бирор давлатга маълум вақтга кириш тақиқи қўйилиши «депорт» дейилади. Фуқаро миграцион қонунчиликни бузганида унга уч кун мобайнида давлатдан ихтиёрий чиқиб кетиш имкони берилади. Агар мигрант шу вақт оралиғида ўша мамлакатни тарк этмаса, кейинги сафар суд қарорига асосан, мажбурий тарзда давлатдан чиқариб юборилади ва у ерга қайтиб киришига муайян муддатга тақиқ қўйилади», — деган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсунов.