Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зоир Мирзаев вилоятнинг Нишон туманидаги далани пайҳон қилган 21 та қўйни сўйиб ташлаш ҳақида топшириқ бермаган. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати маълум қилди.

2 январь куни ижтимоий тармоқлар ва интернет-нашрларда Нишон туманидаги «Отамурод ота» фермер хўжалигида далани пайҳон қилган 21 бош қўй вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зоир Мирзаевнинг топшириғига асосан, вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов назорати остида сўйилиб, гўшти кам таъминланган оилалар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаётган усталарга берилгани хабарлар тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати инспекция раҳбари Акром Арипов билан боғланиб, вазият бўйича изоҳ олган (айни вақтда воқеа айнан қачон содир бўлганига аниқлик киритилмаган). Ариповнинг қайд этишича, Зоир Мирзаев унга «қонун доирасида иш кўрилиши керак»лиги ҳақида топшириқ берган, бироқ қўйларни сўйиб ташлагин, деб айтмаган.

«Кейинроқ вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу ҳолат бўйича янада батафсил беришни мақсад қилган», — дейилади вилоят ҳокимлиги ахборотида.

Маълумот учун, ҳукуматнинг 2008 йил 10 декабрдаги қарорига мувофиқ, «экинзорлар пайҳон қилинган жойда ушланган чорва молларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига топширилиши ҳамда улар фақат чорва моллари эгасига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жазо чоралари қўллангандан сўнг ва етказилган зарар тўлиқ ундириб олингандан кейин қайтариб берилиши» керак.