Озарбайжонда давом этаётган «Ўзбекистон киноси кунлари« ҳафталиги доирасида Низомий кинотеатрида режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг «Берлин-Оққўрғон« бадиий фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га «Ўзбеккино» матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Озарбайжон Республикаси маданият вазирлиги кинематография бўлими бошлиғи Жаҳонгир Мамедов уруш мавзуси биргина миллатнинг оғриқли нуқтаси эмаслиги, картинадаги умуминсоний изтироблар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслигини айтиб ўтган.

Озарбайжонлик киношунослар Зулфиқор Мусоқовнинг «Ватан« фильми Озарбайжонда катта қизиқиш билан кўрилишини, халқ севган фильмлардан бири эканини айтишди.

«Ўзбекистон киноси кунлари« ҳафталигида 10 та (6 та бадиий, 4 та ҳужжатли) ўзбек фильми намойиш этилади.

Маълумот учун, режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг «Ватан» фильми 2006 йилда суратга олинган бўлиб, фильм иккинчи жаҳон уруши йиллари Ўзбекистондан кетиб қолган ўзбекистонликлар ҳаётидан ҳикоя қилади. Фильмда бош ролларни Музаффар Саъдуллаев, Раъно Шодиева, Бобур Йўлдошевлар ижро этишган.