Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева Қарши шаҳридаги «Журналистлар уйи»нинг ачинарли аҳволга тушиб қолгани ҳақида хабар бериб, бино тез орада таъмирланишига умид билдирганди.
Шундан сўнг, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу маълумот вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зоир Мирзаевга етказилгани хусусида хабар берди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи Усмон Нусуровнинг «Дарё»га маълум қилишича, бугун 23 ноябрь Журналистлар уйида оммавий ҳашар ташкил этилган ва қурилиш ишлари яна жонланган.
«Бинонинг иссиқлик ва электр тизимидаги муаммоларини бартараф этиш ишлари бошланди. Қувурлар таъмирланаяпти. Батарейлар келтирилди. Шунингдек бинонинг орқа томонидаги дераза ромлари ҳам алмаштирилади», – дейди Усмон Нусуров.
Усмон Нусуровнинг аниқлик киритишича, Саида Мирзиёева танқидидан сўнг вилоят ҳокими Зоир Мирзаев вилоят ташкилотлари раҳбарларига муаммога эътибор қаратиб, таъмирлаш ишларини якунига етказиш топшириғини берган.
Қайд этилишича, бино таъмирини якунига етказиш электр токи ва иссиқлик тизимидаги муаммоларни бартараф этиш учун 400 миллион сўм ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, вилоятдаги Журналистлар уйи таъмири 2018 йил август ойидан бошланган бўлиб, ҳозиргача 1 миллиард 300 миллион сўм сарфланганди. Бироқ, таъмирлаш ишларини якунлаш учун яна қўшимча маблағ зарурлиги боис, таъмирлаш ишлари якунига етмай қолиб кетган.
Изоҳ (0)