Facebook’даги «Kurbanoff.Net» саҳифасида А-76 маркали бензиннинг ўрнини эгаллаган АИ-80 маркали бензин қайси Евро стандартга мос эканлиги масаласи кўтарилган. Шунингдек, блогер бу турдаги бензин Ўзбекистонда қандай ишлаб чиқарилишига ҳам қизиққан. «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти матбуот хизмати мазкур саволларга жавоб берди.

Фото: «Ўзбекнефтгаз»

Маълум қилинишича, айни пайтда мамлакатдаги нефтни қайта ишлаш заводларининг технологик жараёнлари Евро 2 стандартининг халқаро талабларига мувофиқ автомобиль бензинини ишлаб чиқаришга имкон беради. А-76 маркали бензиннинг ўрнига ишлаб чиқарилаётган АИ-80 маркали бензин Евро 2 стандартининг халқаро талабларига мос келади.

Евро стандартининг экологик талаблари олтингугуртнинг масса улуши, ароматик углеводородларнинг таркиби, бензол таркиби, олефин углеводородлари таркиби каби кўрсаткичлар билан фарқ қилади.

Евро 4 ва 5 талабларига мос бензин ишлаб чиқариш учун республиканинг нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш, хусусан, янгиларини қуриш ва мавжуд технологик қурилмаларни қайта таъмирлаш талаб қилинади.

Қайд этилишича, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа амалга оширилгач, Евро 4 ва 5 талабларига жавоб берадиган автобензин ишлаб чиқариш таъминланади.