Футбол бўйича ЖЧ—2022 саралашининг иккинчи босқичи 5-тури доирасида Тошкентда Саудия Арабистони терма жамоаси Ўзбекистонга қарши майдонга тушади.
Учрашув олдидан меҳмонлар устози Эрве Ренар матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди, деб хабар беради «Дарё» мухбири.
Ўйин ҳақида— Бу ўйин гуруҳдаги энг муҳим баҳслардан биридир. Охирги учрашувлардаги натижалар туфайли ҳам эртанги ўйин натижаси биз учун жуда ҳам муҳим. Эртага фақат яхши натижа учун майдонга тушамиз.
Ўзбекистон термасининг кучли ва кучсиз томонлари ҳақида
— Ўзбекистон Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири. Ҳар доим уларга қарши ўйнаш қийинчилик туғдирган. Марокаш бош мураббийи бўлиб ишлаган вақтимда Ўзбекистон билан ўртоқлик учрашуви ўтказган эдик. Ўшанда биз ғалаба қозонган бўлсак ҳам осон ўйин бўлмаганди. (Ўзбекистон ўшанда Темур Кападзе қўл остида Марокашга 0:2 ҳисобида ютқазганди — Таҳририят)
Ўзбекистон ЖЧ—2022 саралашини омадсиз бошлагани ва мураббий алмашгани ҳақида
— Фаластинга қарши сафарда ўйнаш ҳам доим қийин бўлган. Ўша баҳсда Ўзбекистон ёмон ўйнамаганди. Биз ҳам биринчи марта (Ренарнинг Саудия Арабистони бош мураббийлигидаги илк ўйини) Фаластинга қарши сафарда ўйнадик ва жуда ҳам қийин дурангга эришдик. Эктор Куперни эса жудаям ҳурмат қиламан.
Об-ҳаво ва мухлисларнинг Саудия Арабистонига таъсири ҳақида
— Албатта, об ҳаво бизга муаммо туғдириши мумкин. Юртингизда +3 даража илиқ экан, шу боис ҳам икки кун олдин Ўзбекистонга етиб келдик. Аммо унутмаслик керак: 2020 йил июлда Жидда шаҳрида жавоб ўйини бўлиб ўтади. Ўшанда ҳаво жуда иссиқ бўлади.
Осиё ва Африка футболи ҳақида
— Турли хил қитъаларда тўп сурадиган жамоаларни таққослаш учун энг яхши йўл — Жаҳон Чемпионати. Россияда ўтган 2018 йилги мундиалда Саудия Арабистони Мисрни 2:1 ҳисобида мағлуб этганди. Ўшанда Саудия Арабистони жуда ҳам яхши ўйин кўрсатганди.
Изоҳ (0)