Ноябрь ойининг бошида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги сайтида Telegram ва Superman товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш бўйича аризалар пайдо бўлди. Аризалар муаллифи сифатда «Фикон» МЧЖ ва тошкентлик Қурбонов Э. кўрсатилган. Бу ҳақда Spot хабар берди.
Ўзбекистонда товар белгилари учун гувоҳнома етти ой ичида, бироқ ариза берилганидан кейин олти ойдан кам бўлмаган вақт ичида берилади. Гувоҳнома ўн йил давомида амал қилади.
Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб товар белгиларини рўйхатдан ўтказишнинг янги тартиби жорий қилинган. Янги тартибга кўра, Интеллектуал мулк агентлиги берилган аризани бир иш куни ичида ўз сайтига жойлаштиради.
1 сентябрдан бошлаб товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш учун ариза бериш Давлат хизматлари марказлари ёки Интерактив давлат хизматлари ягона портал орқали фақат электрон кўринишда амалга оширилади.
Интеллектуал мулк агентлиги томонидан юритиладиган baza.ima.uz сайтида «Интеллектуал мулк» ахборот-қидирув тизимининг маълумотлар базаси жойлаштирилган. Сайтда ҳар куни товар белгилари, ихтиролар, ЭҲМ учун дастурлар, фойдали моделлар, саноат намуналари ва бошқаларни рўйхатдан ўтказиш бўйича аризалар эълон қилинади.
Изоҳ (0)