Ҳиндистоннинг 2019—2020 йилларга мўлжалланган техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида ўзбекистонлик 15 нафар ёш киноижодкор Ҳиндистонда кино соҳасида малака оширади. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.

Агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов билан Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Сантош Жа ўртасидаги мулоқот чоғида ана шундай келишувга эришилди.

«Ушбу дастур ўзбекистонлик номзодларнинг барча ўқитиш харажатларини қоплайди. Бундан ташқари, индивидуал дастурларни ташкил қилиш, 2—3 ойлик кинематография курсларини ўташга имкон беради», — деди Сантош Жа учрашув чоғида.

Мулоқот чоғида Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида кино соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан бир қатор фикр ва таклифлар билдирилди. Жумладан, 60 йиллик тарихи давомида ҳинд киносининг энг таниқли юлдузларини етиштириб чиқарган Пуна шаҳридаги кинематография институти билан ҳамкорлик ўрнатиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов Бухоро ва Хивада амалга оширилаётган иккита ҳинд кинолойиҳаси ва агентликнинг яқин келажакда режалаштирилаётган Ҳиндистон билан боғлиқ лойиҳалари ҳақида гапирди. Жумладан, режиссёр Жаҳонгир Қосимов суратга олаётган «Ибрат» фильмининг айрим эпизодлари Ҳиндистонда суратга олиниши режалаштирилган.

Учрашувда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қайта тикланаётган Тошкент кинофестивали ҳақида ҳам сўз борди.

1968—1992 йиллар давомида, ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиб келинган Тошкент кинофестивалида ҳинд киносининг Раж Капур, Шиям Бенегал, Шабана Азми сингари сўнмас юлдузлари ҳам иштирок этган.

Ҳиндистонлик элчи Сантош Жа ушбу ғояни қўллаб-қувватлашга ва Ҳиндистоннинг машҳур кино юлдузларини ушбу фестивалга жалб қилишга тайёрлигини билдирди.

Фирдавс Абдухолиқов шунингдек, Ўзбекистонда миллий кино саноатининг халқаро медиа бозорида жозибадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларни қайд этди. Хусусан, Ҳиндистон элчисига кино туризмида олиб борилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, Ўзбекистонда кино лойиҳаларини амалга оширишда 2020 йил 1 январдан бошлаб хорижий киноижодкорларнинг лойиҳаларини Ўзбекистонда амалга ошириш учун харажатларни қоплашга қаратилган «Ребате» тизимининг ишга туширилиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

Учрашув давомида томонлар 2020 йилда Ҳиндистонда «Ўзбекистон киноси кунлари» ҳамда Ўзбекистонда «Ҳинд киноси кунлари»ни ўтказиш зарурлигини таъкидлади.