Германиянинг Веймар шаҳарчаси ҳокимлиги овқатланиш шохобчаларида Döner kebab (донар-кабоб) сўзини ишлатишни тақиқлади. Бунинг ўрнига немислар Drehspies in Fladenbrot, яъни «нон орасидаги грилда пишган гўшт» мазмунидаги сўзни айтишни таклиф қилган. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.

Фото: «Tourprom.ru»

Веймар ҳокимлиги ушбу қарорни 20 йил аввал қабул қилинган ишлаб чиқаришга оид ҳужжат асосида чиқарган. Ҳокимлик ишлаб чиққан норматив ҳужжатда донарнинг бўлакларга ажратилган қўй ёки мол гўшти қиймасидан тайёрланиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, ушбу маҳсулотларда гўшт миқдори 60 фоизни ташкил қилиши лозим. Бошқа масаллиқлар ҳам регламент билан белгилаб қўйилган: донар-кабобга фақат туз, зираворлар, тухум, пиёз, ёғ, сут ёки ёгурт қўшилиши мумкин. Бироқ шаҳарчадаги ҳамма озиқ-овқат шохобчалари ҳам ушбу қоидаларга бўйсунмайди.

Энди янги қарорга кўра Веймардаги барча шохобчалар «пешонаси»даги ёзувлардан ҳам «донар» сўзи олиб ташланади.

Донар 1972 йилда Берлинда туркиялик Қодир Нурман томонидан ўйлаб топилган. У қурилишда ишловчи ишчиларнинг тезда тушлик қилишини таъминлаш мақсадида нон орасига пишган гўшт солиб овқатланаётганини кузатиб, тез тайёрланадиган нон орасидаги кабобни ихтиро қилган.