Лондондаги Саутуарк тумани қироллик суди Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг невараси, 29 яшар Ойсултон Назарбоевни 1,5 йил шартли муддатга ҳукм қилди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.

Фото: EADaily

У Лондонда июнь ойида полициячига ҳужум қилганликда айбдор деб топилди. Суд қарорига кўра, Ойсултон Назарбоев наркотикларга тобеликдан даволанишда давом этиши, 140 соат жамоат ишларини бажариши, 1000 фунт стерлинг жарима ва 5 минг фунт товон пули тўлаши лозим.

Court News UK нашрига кўра, 5 июнь куни Ойсултон Назарбоев жонига қасд қилишига халақит берган полициячини тишлаб олган. Бу уни танимаслигини даъво қилган Ксения Шевелеванинг квартирасида рўй берган. Тергов тахминича, эркак балкон орқали унинг квартирасига кириб борган.

Қозоғистоннинг “Zakon.kz” нашри юз берган ҳолатнинг бошқа версиясини келтирди: Ойсултон Назарбоев уй эшигини тасодифан ёпиб қўйган таниш қизнинг квартирасига балкон орқали ўтган. Қўшнилар полицияни чақирган ва улар Ойсултонни қўлга олган.

Daily Mail газетасининг қайд этишича, ушбу ҳодисадан икки кун аввал полиция Ойсултон Назарбоев Лондондаги меҳмонхона балконидан сакрашининг олдини олганди.

Маълумот учун, Ойсултон Дариға Назарбоеванинг кичик ўғли ҳисобланади.