2018 йилнинг декабрь ва 2019 йилнинг январь ойларида иссиқ сув харажатини ҳисоблаш мосламаларини мажбурий давлат текширувидан ўтказиш муддати тугаганлиги сабабли «Тошиссиққуввати» ДУК томонидан иссиқ сув учун истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китоблар амалга оширилди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Бироқ, ушбу ташкилот Вазирлар Маҳкамасининг мувофиқ қарори билан тасдиқланган «Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатиш қоидалари»да кўзда тутилган талабларини ўз вақтида бажармаганлиги сабабли Давлат хизматлари агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармасига фуқаролардан аризалар келиб тушди. Шу сабабли, ДХА томонидан ўтказилган текширувлар натижасида «Тошиссиққуввати» ДУК томонидан қоидабузарликларга йўл қўйилиб, 60112 нафар истеъмолчидан 45,8 миллиард сўм хато ушлаб қолингани аниқланди.

2019 йилнинг апрель ойида 49 655 истеъмолчи учун 34,55 миллиард сўмлик қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди.

Келгусида тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида, қайта ҳисоблаш ишлари амалга оширилган истеъмолчиларга «Тошиссиққуввати» туман корхоналари томонидан ўтказилган қайта ҳисоб-китоб ва солиштирма далолатномалар жўнатилди.