Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ташкил қилинган «Ишга марҳамат» меҳнат ярмаркаларида 1248 нафар пробация ҳисобидаги шахслар доимий ишга жойлаштирилган. Бу ҳақда «Дарё»га Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижонда «Намунали ҳудуд» тажрибасини яратиш борасида 21 та ишчи гуруҳ фаолияти ташкил этилган бўлиб, самарадорликни ошириш юзасидан ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, сайёр суд профилактик тадбирлари ташкил этилган бўлиб, унда қилмишига пушаймон, меҳнати ва ижтимоий турмуш-тарзини намоён этган 86 нафар назоратдаги шахс жазо муддатидан илгари шартли равишда озод этилган.
Шунингдек, пробация бўлими ҳисобида туриб, суд белгилаган тақиқларга амал қилмаган, жазодан бўйин товлаган ва қайта жиноят содир этиш хавфи юқори бўлган 5 нафар шахснинг жазоси, озодликдан маҳрум қилиш ҳамда бошқа турдаги оғирроқ жазоларга алмаштирилган.
Қўшимча қилинишича, сайёр суд якуни бўйича «Ишга марҳамат» меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, 9 ой ичида 1248 нафар пробация ҳисобидаги шахслар доимий ишга жойлаштирилган. Уларнинг 117 нафари аёл, 432 нафари эса ёшлардан иборат.
Изоҳ (0)