Ўзбекистонда 2020 йил 1 январдан бошлаб қандолат маҳсулотлари ва шоколад учун импорт божлари оширилади. Бу ҳақда 2 октябрда имзоланган Президент қарорига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Фото: «Gazeta.uz»

Таркибида какао бўлмаган шакарли қандолат маҳсулотлари, шу жумладан, оқ шоколад учун импорт божи ставкаси 30 фоиз этиб белгиланади, бунда тўланадиган божнинг энг кам миқдори бир килограмм маҳсулот учун 0,35 доллардан кам бўлмаслиги керак. Амалдаги ставка эса мос равишда 20 фоиз ва 0,25 долларни ташкил қилади.

Шоколад ва таркибида какао бўлган бошқа тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари учун импорт божи ставкаси 30 фоизга оширилиб, бунда ҳам энг кам миқдор бир килограмм учун 0,35 доллар этиб белгиланган. Амалдаги ставкалар миқдори эса мос равишда 15 фоиз ва 0,30 долларга тенг.

2018 йилда қандолат маҳсулотлари ва шоколад учун импорт божи ставкаси 10 фоиз бўлган.