Туркия ҳарбий ҳаво кучлари қирувчи самолётлари Суриянинг Самалкада жойлашган чегара постларини ўққа тутди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

Фото: Washington Post

«Сурия демократик кучлари» араб-курд гуруҳининг объектига уюштирилган ҳужум оқибатида иккита кўприк вайрон қилинган. Ҳужум натижасидан қурбон бўлганлар йўқ.

Ушбу ҳужум ҳақидаги хабарларга параллел равишда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли мамлакатнинг Сурия ҳудуди яхлитлигига ҳурмат билан қарашини билдирган. Вазирнинг сўзларига кўра, турк армиясининг ҳудуддаги ҳаракатлари вақтинчалик эҳтиёт чоралари ҳисобланади.

Аввал АҚШ Туркиянинг Суриядаги ҳарбий операцияларини қўллаб-қувватламаслиги, шунингдек, ушбу ҳаракатлар атрофида Америка ҳарбийларининг бўлмаслигини билдирган. «Сурия демократик кучлари» араб-курд гуруҳи вакили эса ушбу баёнотни «ортдан туриб пичоқ санчиш» эканлигини айтган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса Анқара Суриядаги ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўргани, АҚШнинг «Курдлар миллий ҳимоя ҳаракати» ва «Курдистон ишчи партияси»ни қўллаб-қувватлашига ортиқ кўз юмиб бўлмаслигини маълум қилган.

Туркия раҳбари ушбу икки гуруҳлар АҚШ қаноти остида Сурия шимолини бошқаргани ва уларнинг аъзолари террорчилар эканини қайд этган.