Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан Дания қироллигида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаётган Абдулла Азизов Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Буюк келажак»

Абдулла Азизов 2004 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро иқтисодий муносабатлар факультетини тамомлаган. 2003 йил Япониянинг Нагоя университетида иқтисодиёт йўналишида ўқиган. 2006 йили Даниянинг Орхус университетида молия ва халқаро бизнес йўналиши бўйича магистр даражасини олган. 2006 йилда Даниянинг Орхус техника коллежини IT-дастурчи мутахассислиги бўйича тамомлаб, ушбу йўналишда меҳнат фаолиятини бошлаган.

Абдулла Азизов 2006 йилдан бугунги кунга қадар Данияда «Maersk A/S», «DONG Energy A/S», «Carlsberg A/S», «Implement consulting group», «Vestas A/S» ҳамда «Danfoss» компаниясида молиявий бизнес лойиҳаларини автоматлаштириш соҳасида юқори стандартларни жорий қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Абдулла Азизов Давлат солиқ қўмитасида жорий йилнинг май август ойларида эксперт сифатида фаолият олиб борди. Қисқа даврда Россия Федерал солиқ хизмати, Бирлашган Араб Амирлиги, Жанубий Корея, Хитой ва Жаҳон банки экспертлари билан солиқ органларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда бу соҳада малакали кадрларни тайёрлаш бўйича келишувлар имзоланишига эришди.