Энергетика бўйича халқаро сертификатлаш ва таснифлаш маркази DNV GL жаҳон мамлакатларининг 2050 йилгача бўлган энергетик тараққиёти прогнозларини эълон қилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур прогнозлар келтирилган ҳисобот кўп жиҳатдан дунёнинг аср ўрталарига бориб қай даражада энергетик трансформацияга юз тутишини чамалашга асосланган. Боз устига, ҳисоботда муқобил вариантлар кўриб чиқилмаган ва энергетик тараққиётнинг фақат бир сценарийси асос қилиб олинган. Прогноз-ҳисобот муаллифлари, шунингдек, «оптимист технологлар» эканини таъкидлаган ва энергетик трансформация жадаллашувига энергия ишлаб чиқариш ва тежамкор фойдаланиш технологияларининг ривожи туртки беради деб ҳисоблаган. Шунга қарамай, муаллифларнинг бу прогноздаги айрим жиддий пессимистик фикрлари ҳам кўзга ташланади. Хусусан, энергетик трансформация-2050 қай даражада илғор бўлмасин, лекин у барибир иқлим ўзгаришлари бўйича Париж келишувларида кўзда тутилган муддаоларга эришишга камлик қилади деб ҳисоблаган. Чунончи, 2050 йилга бориб, айнан энергетик тараққиёт кўлами натижасида глобал иқлим ҳарорати ўртача 2,4 ℃ га кўтарилиши мумкин.
Прогнозга кўра, ҳозирда жаҳон энергетика тармоғининг асосий бўғини бўлмиш – нефть истеъмоли соҳасидаги энг катта талаб ҳажми атиги икки йилдан кейин, яъни 2022 йилга тўғри келиши кутилмоқда экан. Табиий газ истеъмолининг чўққиси эса 2033 йилга тўғри келиши башорат қилинган. Асримизнинг қоқ ўртасига бориб эса жаҳон энергетика салоҳиятнинг етакчи тармоғи айнан газ манбалари бўлиши тахмин қилинмоқда. 2033 йилга бориб дунё бўйлаб энергия истеъмоли ҳажми ҳозиргидан 12 фоизга ўсишига трендлар ишора қилмоқда.
Нефть истеъмолининг 2022 йилда энг юқори чўққига чиқиши ва кейин нефть қайтиб ундай маррага қайта олмаслигини мутахассислар айнан 2022 йилдан кейин транспорт максимал даражада электрлашиб кетиши борасидаги башоратлар билан боғлаган. Тахминларга кўра, жаҳон мамлакатлари бўйлаб электромобиллар сони ортиши қуйидаги трендга мувофиқ бўлади:
Соҳага оид бошқа тадқиқотчилар сингари, DNV GL ҳам ўз прогнозларида бутун дунё бўйлаб электрлаштириш даражасининг кескин ортишини ҳамда келажакда барча соҳаларда, жумладан, транспорт соҳасида ҳам айнан электр энергияси истеъмоли биринчи планга чиқишини башорат қилмоқда. Шунга кўра, энг пессимистик ўсиш суръатлари билан ҳам электр энергияси истеъмоли 2050 йилга бориб ҳозиргидан камида 19 фоизга кўп бўлишини айтилган бўлса, оптимизм суръатлари аср ўртасидаги инсониятнинг электр энергияси истеъмоли ҳозиргидан кўра 40 фоизга кўп бўлади деган тахминни берган. 2050 йилга бориб бутун жаҳон бўйлаб электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 53 ТВт∙соатга етиши кўзда тутиляпти экан. Бу ҳозирги ишлаб чиқариш ҳажмидан тахминан 125 фоизга кўп дегани бўлиб, маълумот учун, ҳозирда жаҳон бўйлаб электр энергияси ишлаб чиқариш миқдори умумий 24 ТВт∙соатни ташкил этмоқда. Таъкидлаш жоизки, DNV GL’нинг бу прогнози бошқаларникидан бироз паст даражани кўзламоқда. Хусусан, айрим бошқа тадқиқот ҳисоботларида 2050 йилга бориб эришиладиган электр энергияси ишлаб чиқариш миқдори 66 ТВт∙соат бўлади деб ҳам келтирилган.
DNV GL’нинг ўзи аввалги ҳисоботларида 2050 йилга бориб электр энергияси ишлаб чиқариш соҳаларида шамол парраклари ва Қуёш электр станциялари орқали энергия олиш соҳаси 70 фоиз ўсишга эришади деган тахминни илгари сурган эди. Лекин эндиликда муайян сабабларга кўра, 2050-йиллардаги ишлаб чиқариш борасида табиий газ ёқилғисига асосланган электр энергияси олиниши 63 фоизгача ўсиши башорат қилинмоқда.
Ўша замонга бориб сайёрамиздаги асосий электр энергияси манбаи фотоэлектр станциялари бўлиб қолиши аён бўлмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилда жаҳон бўйлаб ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажмининг 33 фоизини айнан Қуёш электр станциялари берар экан. Ўшанда Қуёш фотоэлектр станцияларининг умумий ишлаб чиқариш қуввати 11560 ГВт га етиши режа қилинган. Шунга қарамай, ўсиш суръатлари бўйича рекордчи шамол энергетикаси бўлар эмиш. Аср ўртасига бориб шамол энергетикасининг ишлаб чиқариш ҳажми ҳозиргидан қарийб 80 баробар ортиши тахмин қилинмоқда. Ўшанда дунё бўйлаб ўрнатилган шамол парраклари 1550 ГВт электр энергияси берадиган даражага етади дейилмоқда прогнозда.
Хўш, унда Париж келишувлари орқали белгиланган иқлим муаммоларини бартараф этиш режаларини қандай амалга ошириш мумкин? Муаллифларнинг фикрича, бу борада фақат энергетика соҳасидаги ислоҳотларга ёпишиб олиш тўғри эмас. Бунинг учун жуда кўп соҳалардаги комплекс чоралар зарур. Фақат шамол ва Қуёш энергетикасини ривожлантириш орқали глобал иқлим ўзгаришларини олдини олиб бўлмайди. Прогноз-ҳисоботда алоҳида қайд қилинишича, бугуноқ ҳамма бирданига углеродсиз усул билан электр энергияси ишлаб чиқаришга ўтган тақдирда ҳам, бу Париж келишувларида белгиланган мақсад – глобал иқлим исишини ўртача 2 ℃ дан оширмаслик режасини амалга оширишга имкон бермайди. Иқлим муаммоларини бартараф этишда эса жуда кўп нарса ва халқаро изчил ҳамкорлик талаб этилади. Чунончи, энергия самарадор технологияларни жорий қилишни жадаллаштириш, шамол ва Қуёш энергетикаси ривожланиши учун ушбу соҳаларда бизнес юритишни қўшимча рағбатлантириш ҳамда углерод оксидларининг атмосферага ташланишини олдини олишда углеродни тутиб қолувчи ва сақловчи технологияларни кенг жорий қилиш шулар жумласидандир.
Изоҳ (0)