Кеча, 16 сентябрь куни Telegram’даги Alimoff каналида блогер Нурбек Алимов ҳамда ёш журналист Дилбар Исматуллаева томонидан олиб борилган суриштирув натижалари эълон қилинди. Бу иккиси Тошкент ахборот технологиялари университетида фаолият юритган «троллар фабрикаси»ни фош этиб, ижтимоий тармоқларда фаолият юритган каттагина ноқонуний гуруҳга оид исбот-далилларни ошкор қилди.

Биз ушбу суриштирувни олиб борган ёш журналист Дилбар Исматуллаева билан боғланиб, суҳбат қилдик. Суриштирув ғояси қаедан келди, иш қандай олиб борилди, давомини куцак бўладими – шу каби масалаларга қизиқиб кўрдик.

Фото: Google Photos

«Дарё»: Ассалому алайкум, Дилбар. Кеча анча шов-шув келтириб чиқардингиз ва муҳокамаларга сабаб бўлдингиз. Мени қизиқтирган масала – суриштирув ўтказиш фикри қаердан келди? Умуман, бундай «троллар фабрикаси» борлиги ҳақида қаердан маълумот олдингиз? Бу тасодифан келиб чиққан мавзу бўлдими ёки ташаббус ўзингиздан чиқдими?

Дилбар Исматуллаева: Танишим (мени бу ишга таклиф қилган бола) билан бир жамоада ишлаганмиз – ҳамкор сифатида. Ишимиз ОТМларга кириш имтиҳонлари билан боғлиқ эди, мавзуимизга алоқадор бўлмагани учун бунга алоҳида тўхталмайман. Танишимнинг исмини ҳам ошкор этмайман – барибир уни оддий ижрочи деб биламан, унинг исми овоза бўлиб, бутун айб зиммасида қолиб кетмасин. Бу ишнинг тепароғида бошқа одамлар борлиги тайин.

Жамоада ўн чоғли одам эдик. Иш якунида у таклифи борлигини билдирди; таклиф мазмуни шундан иборатки, Н. га «юқори»дан топшириқ берилган ва ушбу топшириққа кўра у ўн кишилик ишончли («оғзига маҳкам») йигит-қизлардан иборат жамоа тузиши керак. Ишнинг мазмуни билан юзаки таниш бўлган ҳолда гуруҳдаги 3–4 киши бунга розилик берди, жумладан, мен ҳам. Кейин бизга қўнғироқ қилишди.

«Дарё»: Мақолада ёзишингизча, сизни тролларнинг Telegram’даги гуруҳига қўшишган, лекин бир соат ўтмай у ердан чиқариб юборишган. Бутун далиллар шу бир соат ичида тўпландими? Ёки суриштирувни кейин ҳам давом эттирдингизми? Умуман, жараён қанча давом этгани ва қандай босқичлардан иборат бўлгани қизиқ.

Д.И.: Ҳа, аввалига ишга розилик бермадим ва кейинчалик Нурбек аканинг (уларга бу ҳақда айтган эдим) маслаҳати билан фикримни ўзгартирдим. Улар билан қайта алоқага чиқдим.

Н. мендан ўшандаёқ шубҳалана бошлаган эди. Шу сабабдан бошқа дўстимнинг (ўшанда у ҳам ишга алоқадор эди), қўполроқ қилиб айтганда, ишончига кириб, гуруҳга қўшилдим. Бунинг учун ундан узр сўрайман, лекин бажараётган ишим бундай қилишимга арзир эди деб ўйлайман.

Гуруҳдан тез орада чиқариб юборишларини сездим ва шу боис қисқа муддатда Нурбек ака билан гуруҳни видеоскрин қилдик. Кутганимиздек, мени гуруҳдан чиқариб юборишди.

Таянч маълумотлар олингач, бошқа ресурслардан маълумот қидиришга ўтдим. Гуруҳ кураторининг шахсини аниқлаш учун ҳаракатни бошладим. F A номи билан Telegram’дан фойдаланадиган бу одамнинг кимлигини аниқлашда менга унинг суратлари қўл келди. ТАТУ сайтининг раҳбарият учун ажратилган бўлимидан F A’нинг кимлигини аниқладим. Бу ТАТУ ўқув ишлари бўйича проректори Агзамов Файзулла Сайдакбарович экан. Унинг Telegram-саҳифасига хабар йўлладим. У менга тез орада ўзи мени ишга жалб қилишини, хабар беришини билдирди. F A томонидан улашилган хабар муаллифи А. Хўжаевнинг кимлигини аниқлашнинг эса иложи бўлмади.

Гуруҳ аъзолари учун мажлис ўтказилиши режалаштирилган эди. Мен мажлис ўтказилганда кўпроқ маълумот йиғаман дея кун санаб юравердим. Кутилган кун келди, мажлис бўлди (эшитишимча) ва, кутганимдек, мени унга чақиришмади.

Маълумот йиғишга охирги уриниш сифатида гуруҳ аъзоси бўлган танишим билан учрашдим. У гуруҳ ҳақида маълумот беришдан бош тортди, айтгани шу бўлдики, мени гуруҳдан чиқариб юборишгач, F A мени ишга таклиф қилган танишим Н. га танбеҳ берибди. Менга бўлган шуҳба кучайди. Орадан бироз вақт ўтгач, Н. нинг ўзи менга Telegram орқали пул ҳақида ёзиб қолди. Буни мақолага ҳавола қилганман.

«Дарё»: Ишнинг ташкилотчиларига келсак. Мақолада бу ҳақда ҳеч нарса ёзмабсиз. Тилга олинган энг катта одам – ТАТУ проректори Файзулла Агзамов. Айнан уми энг каттаси ё каттароқлари ҳам борми? Бу ишни ким ва қандай ташкил қилган бўлиши мумкин? Бу масаланинг охирига етмадингизми?

Д.И.: Суриштирув тугалланмай қолган, яъни ишнинг тепасида ким тургани ва уни ким молиялаштираётгани (ёки молиялаштирмоқчи бўлгани) аниқланмаган. Буни аниқлаш менга қийинчилик туғдирарди, сабаби – ҳали менда расман журналист мақоми йўқ. Албатта, ишнинг охирига етишни, энг юқорида ким туришини аниқлашни истардим, аммо гуруҳ энди ё фаолиятини тўхтатади, ё ўзгартиради, мени яқинлаштирмасликлари эса аниқ. Етиб борганим Файзулла Агзамов бўлди.

«Дарё»: Менимча, у координатор бўлса керак. Бу ишларда бундай лавозимдаги одамнинг шахсий манфаатлари кўринмаяпти…

Д.И.: Бўлиши мумкин.

«Дарё»: Бу борада тахминларингиз борми? Қандай шахслар ёки ташкилотлар бундан манфаат кўриши мумкин?

Д.И.: Тахмин дейсизми? Албатта, бу иш устида ишлаганимдан кейин, табиийки, сабаблар, мақсадлар, ортида турган шахслар ҳақида ўйлаганман. Турли тахминлар қилганман. Лекин қўлимда далиллар йўқлиги боис бу тахминларни ошкор қилиб ўтирмайман.

Манфаатга келсак, фикримча энг мантиқли бўлган сабабни мақолада келтирганман: норозилик кайфиятини камайтириб кўрсатиш, танқидчиларнинг овозини ўчириш. Баҳсларга ўнлаб аккаунтлар билан кириб, сохта мақтовлар ва сохта ижобий фикрлар билан президентнинг кўзини шамғалат қилишмоқчи. Президент интернетда чиқаётган материаллар, хусусан, ижтимоий тармоқларда қолдирилаётга изоҳларни эътиборга олишини билиб, муаммоларни кичрайтириб кўрсатишга уриниш бўлса керак деб ўйладим.

«Дарё»: Сиз танийдиган одамлардан бири шу иш билан шуғулланган ва сизни ҳам таклиф қилган. Бу ишда камида қирққа яқин талаба ва ёш йигит-қизлар борлиги айтиляпти. Уларнинг мотивлари қанақа? Бунга қизиқдингизми? Улар пул учун троллик қиляптими? Ёки ростданам яхши иш қиляпмиз, ватанни ҳимоя қиляпмиз деб ўйлаётганлари борми ичида?

Д.И.: Мени таклиф қилган бола чиндан ҳам ватан йўлида хизмат қиляпман деб ўйлайди, 100 фоиз. Билганларим – мен билан бирга қўшилганлар пул учун бу ишга кирди. Тахминимча, ҳар хил фикрдагилар бор гуруҳда: кимлардир ватанни ҳимоя қиляпмиз деб ўйлайди, кимлардир озроқ пул топиш илинжида.

«Дарё»: «Ватанпарвар» танишингизга бундай қарашни, яъни мана шунақа йўл билан ватанни ҳимоя қилиш кераклигини ким сингдирган бўлиши мумкин?

Д.И.: Ўзидан сўрайми? Ҳазил. Бу борада бир нарса дейиш қийин. Кимларнидир исботсиз айблаб қўймай дейман. Тахминим шуки, унга муҳит таъсир қилган. Атрофидагилар томонидан «Озодлик», BBC кабилар фақат иғво тарқатувчи, танқидий фикр айтувчилар четда юриб ватанни сотадиган хоинлар деган ғояни сингдирган буларга. Биласиз, танқидни иғво деб қабул қилишни ёшликдан сингдириб келишарди бизга. Мен ҳам 15 ёшимда шунақа фикрлаганман. Атрофимдаги муҳит, ўқиш, турли фикрларни эшитиш ва бошқа омиллар мени ўзгартирган.

«Дарё»: Бу ишдан сўнг танишингизнинг сизга муносабати салбий томонга ўзгаргандир?

Д.И.: Аксинча, яхши томонга ўзгарганга ўхшайди. Муносабати илиқлашди. «Фабрика»нинг қолган иштирокчилари эса мени инсофсиз деб ўйлаётгандир.

«Дарё»: «Фабрика» фаолияти нима бўлди? Давом этяптими ёки тўхтатилдими?

Д.И.: Вақтинча тўхтатилди. ТАТУда бошқа қандайдир бошқа муаммо чиқди дейишяпти.

«Дарё»: Қўнғироқлар, қўрқитишга уринишлар бўлмаяптими?

Д.И.: Ҳали бўлмади.

«Дарё»: Суҳбат учун раҳмат. Якунда ўзингизнинг хулосаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Д.И.: Сиз сўраган «илдизлар» масаласида яна бир нарсани айтмоқчи эдим. Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган бу масаланинг асосий айбдори сифатида Н. – мени бу ишга таклиф қилган бола кўрилаётгани ва масаланинг асл илдизига эътибор қаратилмаётгани, очиғи, мени ҳайратлантирди. Ажриқни илдизи билан қўпориб ташламаса, у ўсиб чиқаверади. Томир мавжуд бўлгач, мажбурликдан ўсиб чиқаётган ажриқларни нима ҳам қилиб бўларди?

Бу билан мен «Группа-4» аъзоларини мутлақо айбсиз демоқчи эмасман, лекин (балки пул илинжида, балки бошқа мақсадни кўзлаб) бу йўлга кирган ўнлаб, балки юзлаб оддий ишчиларни фош этиш билан масала енгиллашиб қолмайди. Бу муаммонинг тагига етишда, яъни ҳамма айб қуйидагиларнинг гарданига тушмаслигини таъминлашда, ишнинг асл ташкилотчиларини топишда ОАВ вакилларидан ёрдам сўраб қоламан.

Эльдар Асанов суҳбатлашди.