Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ёнғин-қутқарув хизматига 12 сентябрь, пайшанба куни соат 07:43 да «Чусткўприк» МФЙда жойлашган «Исоқхон Ибрат метангаз» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси ҳудудида Hyundai porter юк машинасида ёнғин бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Фото: Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг хабар беришича, ёнғинни бартараф этишга 2 та ёнғин ўчириш бўлинмаси жалб этилган. Бўлинмалар воқеа жойига соат 07:51 да етиб борган ва ёнғин соат 08:00 да тўлиқ бартараф этилган.

Фото: Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати

Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳодиса оқибатида Hyundai porter юк машинасининг салони ва шиналари ёниб зарарланган.

Фото: Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати

Ёнғинга автомобилга сиқилган газни тўлдиргандан сўнг газ шланги узилмасдан автомобилнинг ҳаракатланиб кетиши сабаб бўлган деб тахмин қилинмоқда.

Бундан аввал Тошкентда «ГАЗ Соболь» русумли юк машинаси ёниб кетгани ҳақида хабар берилган эди.