Сентябрь ойидаги ФИФА кунларида Евро—2020 саралаш босқичининг 5 ва 6-тур учрашувлари бўлиб ўтди. «Дарё» гуруҳлардаги ҳолат ҳақида тўхталиб ўтади.

«Ф» гуруҳи

Фото: Twitter

Мазкур гуруҳда кутилганидек Испания терма жамоаси ўз гегемониясини ўрнатди. «Қизил фурия» 5-турда Руминия устидан қийин ғалабани қўлга киритган бўлса, кейинги ўйинда Фарер ороллари терма жамоасига жавобсиз тўртта тўп киритди. Гуруҳнинг яна бир фаворитларидан бири Швеция эса Фарерни йирик ҳисобда доғда қолдириб, Норвегия билан дуранг ўйнаб қўйди. Руминия ҳам 6-турда Мальтани енгган ҳолда гуруҳдаги вазятини яхшилаб олди.

Испания юз фоизлик натижа қайд этган ҳолда якка пешқадам бўлиб турибди. Унинг кетидан Швеция (11 очко), Руминия (10) ва Норвегия (9) жамоалари кетма-кет жойлашган. Фарер ороллари расман имкониятни йўқотган бўлса, Мальта кейинги босқичган чиқишдан деярли умидини узган.

«Г» гуруҳи

Фото: Twitter

«Г» гуруҳида кураш қизиқарли руҳда кечмоқда. 6-турга келиб бешта жамоа Евро—2020 йўлланмаси учун деярли бир хил имкониятга эга. Сўнгги икки тур Польша учун муваффақиятсиз ўтди. Дастлаб поляклар асосий рақобатчи Словенияга имкониятни бой бериб қўйди, кейин эса Австрия билан дуранг ўйнади. Бунинг натижасида 6-турда Исроилни енгган Словения орадаги фарқни икки очкогача қисқартирди.

5-турда Латвияни йирик ҳисобда мағлуб этган Австрия эса очколарини 10 тага етказиб олган ҳолда учинчи ўринга кўтарилди. Польша (13) етакчи бўлиб турган бўлса, «Словения» ундан кейинги ўринда бормоқда. Шунингдек, Македония ва Исроил жамоаларида ҳам яхшигина имконият бор.

«Ҳ» гуруҳи

Фото: Twitter

Бу гуруҳда Туркия ва Франция терма жамоалари етакчиликни давом эттирмоқда. Амалдаги мундиал ғолиблари Албания ва Андорра термалари устидан йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди. Турклар эса дастлаб сўнгги дақиқалардаги гол эвазига Андоррадан устун келди, сўнгра Молдова дарвозаси жавобсиз тўрт бор ишғол қилинди. Пешқадамлар билан бир хил кетаётган Исландия Молдовага имкон қолдирмади, бироқ 6-турда Албанияга имкониятни бой бериб қўйди.

Шу тариқа, Туркия ва Франция 15 очкодан тўплаган ҳолда гуруҳда пешқадамлик қилмоқда, турклар ўзаро ўйиндаги ғалаба эвазига биринчи ўринда турибди. Улардан уч очко кам йиққан Исландия кучли учликни якунлаб берган. Шунингдек, Албания ҳам (9 очко) ўз имкониятларини сақлаб турибди. Молдова ва Андорра жамоалари эса расман имкониятни қўлдан чиқарди.

«I» гуруҳи

Фото: Twitter

Мазкур гуруҳдаги ҳолат аввал бошдан тахмин қилинганидек тус олмоқда. Пешқадам Бельгия терма жамоаси Сан-Марино ва Шотландияни йирик ҳисобда енгган ҳолда ғалабани юришини давом эттирди. Россия эса Шотландия ва Қозоғистон устидан қийин ғалабаларни қўлга киритди.

Бельгия терма жамоаси барча ўйинларда ғалаба қозонган ҳолда 18 очко билан биринчи ўринда кетмоқда, бир мағлубият қайд этган Россия эса (15) кейинги ўринда қолган. Қозоғистон (7), Кипр (7) ва Шотландия (6) эса оз бўлсада имкониятни сақлаб қолмоқда. Сан-Марино эса расман имкониятдан маҳрум бўлди.

«Ж» гуруҳи

Фото: Twitter

Бу гуруҳда иккинчи ўрин учун кураш қизиқарли бўлмоқда. Юз фоизлик натижа кўрсатаётган Италия терма жамоаси ўтган икки турда Арманистон ва Финляндиядан устун келди. Финлар Италияга ютқазган бўлсада, Греция устидан минимал ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди. Арманистон 6-турда Босния ва Герцеговинани таслим этган ҳолда ўз имкониятларини сақлаб қолди. Мазкур саралаш босқичида кутилмаган натижалар қайд этаётган Греция эса Лихтенштейн билан дуранг ўйнаб қўйди.

Италия 18 очко билан якка пешқадамлик қилаётган бўлса, Финляндия (12) иккинчи поғонани эгаллаб турибди. Учинчи ўриндаги Арманистон (9) ҳам яхши имкониятга эга бўлиб турибди. Греция эса 6-турдан кейин 5 очко тўплаган ҳолда имкониятларини кескин камайтириб юборди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!