Эритрея ҳукумати мамлакат футбол терма жамоаси ўйинчиларига чет элга чиқиш тартибларини жорий қилди.

Фото: Twitter

Энди чет мамлакатга кетаётган футболчилар гаров сифатида пул ёки шахсий мулкка эгалик ҳуқуқини давлатга топшириши керак бўлади. Бу четга чиқиб сиёсий бошпана сўраган ҳолда, Эритреяга қайтишни истамаётган спортчиларга қарши чора сифатида қўлланилмоқда.

Radio Erena’нинг хабар қилишича, ЖЧ—2022 саралаши доирасида Намбияга қарши ўйинга кетишдан аввал Эритрея терма жамоаси футболчилари қайтиб келишлари кафолати сифатида 100 минг накфа (7 минг АҚШ доллари) гаров пули ёки мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини топшириб кетган. Манбада келтирилишича, бундай ҳолатлар «Эритрея учун одатий ҳол».

2012 йилда 15 нафар эритреялик ўйинчи ва терма жамоа шифокори Угандада йўқолиб қолган, 2013 йилда эса улар ўша ерда сиёсий бошпана олганди. 2015 йилда эса Эритрея терма жамоаси Ботсванага йўл олган, жамоанинг ўн нафар аъзоси мамлакатга қайтишдан бош тортиб, ўша ердан бошпана сўраганди.

2012 йилги Лондондаги Олимпиадада эса Эритрея олимпия делегациясининг учдан бир қисми Буюк Британия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!