Science журналида «Жанубий ва Ўрта Осиё аҳолисининг шаклланиши» (The formation of human populations in South and Central Asia) номли мақола чоп этилди. Ушбу мақолада Евросиё халқларининг келиб чиқиши билан боғлиқ сўнгги 10 минг йиллик тарихига ойдинлик киритилган.

Фото: «source.wust.edu»

Ушбу тадқиқотда ҳудудда олиб борилган археологик изланишларда қўлга киритилган 524 та қадимги инсон қолдиғи (скелетлари) архео-генетик таҳлил қилинган. ДНК-таҳлиллари қилинган қадимий скелетлар қаторида Ўзбекистоннинг олтита археологик ёдгорлигидан топилган инсон қолдиқлари ҳам жой олган.

Тирик организмларда генетик кодни, яъни ирсий белгиларни сақлаш ва наслдан наслга ўтказиш вазифасини бажарадиган ДНК (дезоксирибонуклеин кислотаси) инсон суякларида узоқ вақт сақланиб қолиши аниқланган бўлиб, уларни таҳлил қилиш орқали теран ўтмишни янги маълумотлар билан ёритиш археологиянинг энг замонавий йўналишидир. Бундай тадқиқотлар кенг илмий жамоалар томонидан амалга оширилади, чунки бу изланишлар дала қазишмаси, лаборатория таҳлили ва натижаларни талқин қилиш босқичларини ўз ичига олади. Жаҳоннинг 80 дан ортиқ нуфузли илмий марказларидан 117 нафар тадқиқотчини бирлаштирган мазкур изланишда Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти археологлари ҳам қатнашган.

Фото: «source.wust.edu»

Сўнгги 200 йилдан бери ўз ечими кутаётган Турон (Ўрта Осиё) ва Шимолий Ҳиндистон аҳолисининг келиб чиқиши муаммосига ушбу изланиш ойдинлик киритди. Тадқиқот натижаларига кўра, мазкур ҳудуд аҳолисининг шаклланишида Евросиё даштлари аҳолиси асосий ўрин тутган.

Бу тадқиқотда Евросиё бўйича тўпланган қадимий ДНК қолдиқлари Ҳарвард университети лабораториясида таҳлил қилиниб, генетик натижалар археолог ва тилшунос олимлар билан ҳамкорликда ўрганилган илк тадқиқотдир.