Хоразмлик бир неча фуқаро Ромитан туманидаги Қизилравот чўли ҳудудидаги саксовул буталарини ташиб кетиш билан боғлиқ қонунбузарлик содир этди. Бу ҳақда «Дарё»га Бухоро вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қизилравот чўлида саксовул, юлғун, шунингдек, бошқа ёввойи дарахт ва буталар ўсади. Ушбу чўл бевосита Хоразм вилояти кенгликларига туташган.
Маълумотга кўра, жорий йилнинг 4 сентябрь куни хоразмлик фуқаролар 2 та автомашинада ҳар бири камида 2,5 тоннадан саксовул кундасини талон-торож қилган.
Ўғирланган саксовул буталари ҳамда қонунбузар шахсларга тегишли автомашиналар ҳам ашёвий қурол сифатида расмийлаштирилган.
Айни пайтда аниқланган ҳолат юзасидан ўғирлик содир этган фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 79-моддаси 2-қисмига мувофиқ баённома расмийлаштирилган.
Маълумот учун, жорий йил август ойида бошқарма, Ромитан туман ҳокимлиги ҳамда вилоят транспорт департаменти томонидан уюштирилган рейд тадбирларида хоразмликлар томонидан содир этилган 5 та қонунбузарлик қайд этилганди. Ҳар бир ҳолатда камида 5 тонна, яъни жами 30 тоннага яқин саксовул кундаси талон-торож қилинган.