Мустақиллик байрами арафасида бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар учун Остона халқаро молия биржаси томонидан Нур-Султон шаҳрига медиа-тур уюштирилди.

Фото: Гўзал Жалилова

Ўзбекистоннинг етакчи интернет-нашрлари журналистлари Остона халқаро молия маркази, хусусан унинг қошида ташкил этилган хорижликларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишди.

Хорижликларга хизмат кўрсатиш марказининг асосий вазифаси хорижий фуқаролар ва тадбиркорларга ёрдам бериш ҳисобланади.

Бу ерда хорижий давлатдан бизнес қилиш учун Қозоғистонга келган тадбиркорга келишидан тортиб, ўз фаолиятини йўлга қўйиш жараёнининг турли босқичларида кўмак берилади.

Биз уларнинг шаҳарга, бизнес муҳитига мослашиши учун кўмак берамиз. Қозоғистонга келган тадбиркор қандай муаммоларга тўқнаш келади, масалан виза, миграция, электрон калит очиш, солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ муаммолар. Биз ушбу муаммоларнинг барчасини мана шу марказда ҳал қиламиз, — дейди Остона халқаро молия маркази қошидаги хорижликларга хизмат кўрсатиш маркази раҳбари Ўлжас Букенов.

Фото: Гўзал Жалилова

Қайд этилишича, ушбу марказ даставвал Остона халқаро молия маркази иштирокчиси бўлган компаниялар ходимларига хизмат кўрсатиш учун ташкил қилинган. Мамлакат раҳбарияти томонидан жорий йилнинг бошида марказ Қозоғистонга ташриф буюрган барча хорижий мамлакатлар фуқаролари учун хизмат кўрсатиши белгиланди.

«Яъни биз Нур-Султонда ишлаш учун келаётган барча инвесторлар, хорижий экспертлар учун очиқмиз», — дейди Ўлжас Букенов.

Фото: Гўзал Жалилова

Қозоғистонда ягона дарча маркази тизими мавжуд бўлиб, мамлакат фуқаролари учун яшаш жойидан маълумотнома, туғилган, никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилингани ҳақидаги гувоҳнома тақдим этиш, паспорт хизматлари айнан ушбу марказларда кўрсатилади. Аммо бу тизим фақат Қозоғистон фуқаролари учун ишлайди. Остона халқаро молия маркази қошидаги хорижликларга хизмат кўрсатиш маркази ҳам айнан ягона дарча марказининг хориж фуқаролари учун муқобили ҳисобланади. Яъни хорижий фуқаролар бу ерда юқорида санаб ўтилган барча хизматлардан фойдаланиши мумкин.

«Ягона дарча марказларида узундан узоқ навбатлар кузатилади, бизнинг марказда эса навбатлар деярли бўлмайди. Айрим инвесторларда тил билан боғлиқ муаммолар бўлади. Бизнинг марказимиздаги барча ходимлар инглиз тилида эркин сўзлашади. Ходимларимиз хорижий фуқароларга барча жараёнларда тушунтириш беради, уларга йўл-йўриқ кўрсатади», — дейди Ўлжас Букенов.

Фото: Асқар Якубов

Хорижликларга хизмат кўрсатиш марказида Wi-Fi ҳамда замонавий компьютер билан жиҳозланган махсус хона мавжуд бўлиб, инвестор бу ерда почтасини текшириши, қандайдир ҳужжатни нашр қилиши мумкин.

Марказда махсус инвесторларга хизмат кўрсатиш бўлими ҳам ишлайди. Инвестициялар юзасидан тадбиркорда қандайдир саволлар туғилса, ушбу бўлимда ишловчи ходимлар инвесторга ёрдам кўрсатади.

Фото: Гўзал Жалилова

«Масалан, инвестор Нур-Султонга келиб, завод сотиб олмоқчи. У олди-сотди жараёни учун қандай ҳужжатлар талаб қилиниши, ишни нимадан бошлаши, қаерга мурожаат қилиши ҳақидаги саволларига шу ердан жавоб топади.

Бундан ташқари биз инвесторга бизнеси учун ижарага офис ёки яшаш учун уй  топишга ҳам ёрдам берамиз.

Биз ҳамкорлик доираси деб номлайдиган хизмат туримиз бор. Инвесторга марказимиз билан ҳамкорлик қилувчи, кўчмас мулк агентликлари рўйхатини берамиз. Инвестор улардан ўзига маъқул келганини танлаб олади», — дейди Ўлжас Букенов.

Фото: Гўзал Жалилова

Эътиборлиси, марказда хизматлар мутлақо бепул кўрсатилади. Инвесторлар мамлакат қонунчилигида давлат божи тўланиши талаб этиладиган хизмат туридан фойдаланса, ушбу хизмат учун давлат божи тўлайди.

«Хорижий фуқароларнинг фарзандларини мактабга жойлаштириш, тиббий хизмат, автомобилларни расмийлаштириш, уларга техник хизматлар, ҳатто уй ҳайвонларига ветеринар хизматларгача тавсиялар берамиз. Шу билан бирга, биз тавсия қилган ҳамкорлар меҳмонларга қандай хизмат кўрсатгани, уларнинг қониқиши қай даражадалигини ҳам кузатиб борамиз. Агар сифатсиз хизмат кўрсатилса, асоссиз баланд нархлар таклиф қилинса, улар ҳамкорларимиз сафидан ўчирилади.

Ҳозир янги лойиҳа устида ишлаяпмиз. Дипломатлар ёки инвесторларнинг аёллари (ёки эрлари) маҳаллий шароитга мослашуви учун уларга мос иш қидириш, бандлигини таъминлаш режамизда бор», — дейди Ўлжас Букенов.

Севара Нишонова

Тошкент—Нур-Султон—Тошкент