Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг Чилонзор туманидаги Гулистон кўчаси билан кесишган қисмида 27 август куни соат 7:40 да Matiz машинаси ва «Газель» микроавтобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган, дея хабар бермоқда ИИВ.

Зангиота туманида яшовчи 30 ёшли А.Ж. светофорнинг қизил чироғи талабига бўйсунмай, Matiz машинасини йўлга ҳайдаб чиққан ва чап томондан келаётган, салонида 10 нафар йўловчи бўлган, 36 ёшли ҳайдовчи Р.Ф. бошқарувидаги «Газель» билан тўқнашув содир этган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида «Газель» ҳайдовчиси ҳамда икки йўловчиси — 40 ёшли Д.А. исмли аёл ва унинг уч яшар ўғли тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган. «Дастлабки терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади ИИВ хабарида.

Аввалроқ Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида юз берган ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Маълумот учун, 2018 йилда Ўзбекистон йўлларида юз берган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2262 киши ҳалок бўлган (2017 йилда қурбонлар сони 2473 нафар эди). Уларнинг 1031 нафари пиёдалардир.