«Жаҳолатга қарши — маърифат» ғояси фақат диний тарбия билан боғлиқ ишларда эмас, балки ҳаётнинг барча соҳаларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу фикр Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросимда билдирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Албатта, ҳаёт бор экан, унинг ўткир талаблари, муаммолари бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Лекин ҳар қандай муаммони оқилона ҳал қилиш учун, аввало, бирлик, ҳамжиҳатлик зарур.

Барчамизга, айниқса, раҳбар ва етакчиларга чуқур билим, ақл-заковат, сабр-тоқат керак. Шунинг учун «Жаҳолатга қарши — маърифат» деган фикрда катта маъно бор. Бу ғоя фақат диний тарбия билан боғлиқ ишларда эмас, балки ҳаётимизнинг барча соҳаларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Ҳар бир масалани маърифат асосида чуқур ўйлаб, халққа ҳурмат билан, такрор ва такрор айтаман, одамлар фикрини инобатга олиб, фақат қонун ва адолат мезонига таянган ҳолда ҳал этсак, эл-юртимиз биздан албатта рози бўлади.

Бугун замон ўзгарди. Энди ҳаммамиз эркинлик, очиқлик, ошкоралик шароитида ишлашга ўрганишимиз лозим. Барча ривожланган давлатлар, дунё ҳамжамияти шундай яшамоқда.

Даврнинг, ҳаётнинг кескин талабларидан орқада қолмаслик учун барчамиз ҳар куни ўқиб-ўрганишимиз, ўз устимизда ишлашимиз, билим ва савиямизни доимо ошириб боришимиз керак.

Бизнинг томирларимизда улуғ аждодларимизнинг қони оқмоқда. Буюк боболаримизнинг муносиб издошлари ва давомчилари бўлиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз.

Ўз Ватанини, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бу – жасорат ва мардлик, бу – она юртга муҳаббат ва садоқат, бу – тўғри тарбия ва амалий намуна демакдир.

Шу кунларда ўзининг фидокорона меҳнати билан мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб, барчага намуна бўлаётган юртдошларимизга марказда ва жойларда давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари тантанали равишда топширилмоқда.

Эл-юртимизга садоқат билан хизмат қилиб, халқимиз ўртасида катта обрў-эътибор топган ана шундай ватандошларимизни ўз номимдан, сизларнинг номингиздан самимий табриклаб, эзгу тилакларимизни билдиришга рухсат этгайсиз.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Мустақилликнинг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқдан