28 август, чоршанба куни Зомин туманида мамлакат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги арафасида «Ёшлар маркази» фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Дарё»га Ёшлар медиа маркази маълум қилди.
Зомин тумани аҳолисининг 95 минг нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Замонавий меъморчилик андазалари асосида бунёд этилган марказнинг очилиш маросимида Президент раҳнамолигида ёш авлоднинг порлоқ келажагини яратиш йўлидаги ғамхўрликлар ўз самарасини бераётгани, ёш авлод жамиятнинг ташаббускор ва фаол қатлами сифатида доимо қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг ҳар томонлама камол топиши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилаётгани ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Зомин тумани кенгаши раиси ўринбосари Темурбек Назаров бу ерда рус ва инглиз тилларини ўрганиш, компьютер саводхонлиги, шахмат-шашка, ментал арифметика, тасвирий санъат, рақс тўгараклари, пазандачилик, тикувчилик, тўқувчилик, миллий ҳунармандчилик каби касб-ҳунар тўгараклари ташкил этилгани, жами 13 турдаги тўгаракнинг ҳар бир гуруҳига 12 нафардан ёш қамраб олиниши режалаштирилгани ҳақида тўхталиб ўтди.
Изоҳ (0)