ҚҲТБТ порталида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва хуфиёна иқтисодий фаолиятни амалга ошириш фактларини аниқлашда ёрдам берган шахсларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг қарори лойиҳаси эълон қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Давлат солиқ қўмитаси солиқларни тўлашдан бўйин товлаётган ва хуфиёна ишлаётган тадбиркорларни аниқлашда ёрдам берган шахсларни моддий рағбатлантирмоқчи. Ноқонуний савдо-сотиқ билан шуғулланаётган, яширин цехлар ташкил этиб, солиқларни тўлашдан бўйин товлаётган тадбиркорлар ҳақида маълумот берганга пул тўланади.
Унга кўра, қуйидаги маълумотларни маълум қилган жисмоний ва юридик шахслар рағбатлантирилади:
— яширин ишлаб чиқариш цехлари;
— контрабанда йўллари билан олиб келинган товарлар, шунингдек, контрафакт ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган товарларни ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ёки сотиш фаолияти билан шуғулланаётган шахслар (объектлар);
— солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари, жумладан, тадбиркорлик субъектлари амалга оширилаётган солиқларни тўлашдан бўйин товлаш «схема»лари;
— этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқараётган, ташиётган, сақлаётган ёки сотаётганлар ҳақида.
Шулар ҳақида маълумот солиқ назорати тадбирида тўлиқ исботини топса, солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш масаласи кўриб чиқилади.
Ҳар бир тасдиқланган хабар учун бюджетга тушган бир ойлик солиқ ва мажбурий тўловлар, шунингдек, ундирилган молиявий жарималар ёки ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилган товар-моддий бойликларини сотишдан бюджетга тушумларнинг 5 фоизи, бироқ тўлов муддатида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда пул маблағлари билан рағбатлантирилади.
Маълумотларни ДСҚнинг «my2.soliq.uz» сайтидаги «Солиқ ҳуқуқбузарлиги ҳақида хабардормисиз?» рукни орқали юбориш мумкин.
Изоҳ (0)