14 август оқшомида Англиянинг икки гранд жамоаси — «Ливерпуль» ҳамда «Челси» Европа Суперкубоги учун кураш олиб боради. «Дарё» эса учрашувга оид қизиқарли маълумот ва фактларни бир саҳифага жойлади.

Фото: «Tribuna.com»

  • 2019 йилнинг июнь ойида олтинчи бор Европанинг энг нуфузли совринини қўлга киритган «Ливерпуль» олтинчи марта УЕФА Суперкубоги учун баҳсда майдонга чиқади. Бунга қадар «қизиллар» уч бор мазкур совринга эга чиққан.
  • «Челси» учун бу тўртинчи УЕФА Суперкубоги баҳси бўлади. Уларнинг сўнгги иккитасида «кўклар» мағлуб бўлганди.
  • Қайси жамоа ютишидан қатъи назар Англияда Суперкубоклар сони саккизтага етади. Бу борада инглизларда фақат Испания (15) ва Италия (9) олдинда. «Ливерпуль»нинг 2005 йилги УЕФА Суперкубогидаги ғалабасидан кейин Англия клублари кетма-кет тўрт бор мағлубиятга учраганди, уларнинг иккитаси (2012 ва 2013) «Челси»га тегишли.
  • 2013 йилдан сўнг илк бор УЕФА Суперкубоги испан клубига насиб этмайди. Ўша йили«Бавария» Прагада «Челси»ни пенальтилар сериясида мағлуб этганди.
  • УЕФА Суперкубоги тарихида бир мамлакат вакиллари беш бор ўзаро тўқнаш келган: икки марта Италия ва беш бор Испания клублари. 2014 йилдан кейин Испания жамоалари тўрт марта УЕФА Суперкубогида учрашган. Сўнгги бор ўтган йили «Атлетико» Мадрид дербисида «Реал»ни мағлуб этганди.

Жамоаларнинг УЕФА Суперкубогидаги аввалги ўйинлари

«Ливерпуль»

«Ливерпуль» клубининг УЕФА Суперкубогидаги статистикаси: 3 та ғалаба, 2 та мағлубият.

  • 1977 йил. «Ливерпуль»—«Ҳамбург» 7:1 (1:1 сафарда, 6:0 уйда)
  • 1978 йил. «Ливерпуль»—«Андерлехт» 3:4 (1:3, 2:1)
  • 1984 йил. «Ливерпуль»—«Ювентус» 0:2
  • 2001 йил. «Ливерпуль»—«Бавария» 3:2
  • 2005 йил. «Ливерпуль»—ЦСКА 3:1 (қўшимча вақтда)

«Ливерпуль» 1977 ва 2005 йилларда УЕФА Суперкубогига эга чиққан, иккисида ҳам мерсисайдликлар Чемпионлар Кубоги соҳиби сифатида қатнашган. 2001 йилда эса қизиллар УЕФА Кубоги соҳиби сифатида совринга эга чиққан. 1978 ва 1984 йилги мағлубиятларда эса «Ливерпуль» Европа чемпиони мақомига эга эди.

1977 йилги Суперкубокда «қизиллар» «Ҳамбург»га қарши жавоб ўйинида 6:0 ҳисобида ғалабага эришган. Худди шундай ҳисоб 1973 йили ҳам қайд этилган, ўшанда «Аякс» «Милан»ни тор-мор келтирганди. «Гамбург»га қарши ўйинда Терри Макдермотт ҳет-трик қайд этган. УЕФА Суперкубоги тарихида бундан бошқа яна бита ҳет-трик бор, 2012 йилда «Атлетико» ҳужумчиси Ражамел Фалкао «Челси» дарвозасини уч бор ўққа тутганди.

«Челси»

«Челси» тўртинчи марта УЕФА Суперкубогида қатнашади. Аввалроқ, Лондон клуби бир ғалаба ва икки мағлубият қайд этган:

  • 1998 йил. «Челси»—«Реал» 1:0
  • 2012 йил. «Челси»—«Атлетико» 1:4
  • 2013 йил. «Челси»—«Бавария» 2:2 (Пенальти—4:5).

1998 йилда «Челси» Кубоклар Кубоги соҳиби сифатида УЕФА Супекубогида ғолиб бўлди. 2012 йилда лондонликлар Чемпионлар Лигаси ғолиби сифатида имкониятни бой берган бўлса, бир йил ўтиб Европа Лигаси чемпиони мақомида УЕФА Суперкубогида ютқазиб қўйди.

2012 йилда «Атлетико»дан учралган йирик мағлубият пайтида Фрэнк Лэмпард жамоа сардори эди. Бир йил ўтиб жамоа «Бавария»га мағлуб бўлди.

Аввалги тўқнашувлар

«Челси» ҳамда «Ливерпуль» учун бу евроаренадаги 11-учрашув бўлади. Клублар УЕФА мусобақалари доирасида илк бор 2005 йилда тўқнаш келган. Томонлар ўртасидаги 10 та учрашувнинг барчаси Европа Чемпионлар Лигаси доирасида бўлиб ўтган. Шулардан 5 та ўйин дуранг билан якунланган. 2 та ўйинда «Ливерпуль», 3 тасида эса «Челси» ғалаба қозонган.

Жамоалар илк бор 2004/05 йилги мавсум Чемпионлар Лигасининг ярим финалида тўқнаш келган. Тўқнашувдаги ягона гол «Энфилд»даги жавоб ўйининг 4-дақиқасида «қизиллар» етакчиси Луис Гарсия томонидан урилган. Бу ғалабадан сўнг «Ливерпуль» мусобақа финалида ўша машҳур ўйинини «Милан»га қарши ўтказган.

2005/06 йилги мавсум жамоалар гуруҳ босқичида тўқнаш келиб, иккала ўйинда ҳам нурсиз дуранг қайд этади. Тақдир 2006/07 йилги мавсумга келиб эса иккала жамоа яна ярим финалда рўбаро қилади. Жамоалар мос равишда ўз уйларида кечган баҳсларни 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунлайди. Пенальтилар сериясида эса «Ливерпуль» 4:1 ҳисобида устун келиб, финалда «Милан»га қарши ўйнаш имкониятини қўлга киритади. Истанбулдан фарқли ўлароқ Афинадаги ҳал қилувчи баҳсда «Милан» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонади.

«Челси» илк бор Европа Чемпионлар Лигаси финалида 2007/08 йилги мавсум қатнашади. Лондонликлар финал остонасида «Ливерпуль» билан аввалига «Энфилд»да 1:1 ҳисобида дуранг қайд этади. «Стемфорд Бриж»да эса қўшимча вақтларда гол уриб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонади.

Жамоалар ўртасидаги евроаренадаги сўнгги тўқнашувлар эса Чемпионлар Лигасининг 2008/09 йилги мавсумида 1/4 финал баҳсларига тўғри келади. Ўшанда «Челси» «Ливерпуль»ни сафарда 3:1 ҳисобида енгади, ўз майдонида эса 4:4 ҳисобидаги дуранг натижасини қайд этади. Ярим финалда эса «Челси» «Барселона»га имкониятни бой бериб қўйган.

Умумий ҳисобда жамоалар шу кунга қадар ўзаро 181 та ўйин ўтказган. «Ливерпуль» бу учрашувларнинг 77 тасида, «Челси» эса 63 та ўйинда ғалаба қозонган. 41 та учрашув дуранг билан якунланган.

Жамоалар ўртасидаги алоқалар ва бошқа жиҳатлар

«Челси» бош мураббийи Фрэнк Лэмпард футболчи сифатида «Ливерпуль»га қарши 39 та ўйин ўтказиб, 7 та гол урган. Унинг «қизиллар»га қарши ўйинлардаги статистикаси: 18 та ғалаба, 8 та дуранг, 13 та мағлубият.

2014 йил январида Муҳаммад Салоҳ «Базел»дан «Челси»га ўтади. Салоҳ «кўклар» сафида атиги 19 та ўйин ўтказиб, 2 та гол урган. 2015 йилдан эса футболчи «Фиорентина»га, кейинроқ «Рома»га ўтади. Шу тариқа футболчи «Ливерпуль»дан қўним топган.

Терма жамоа бўйича иккала жамоадаги шериклар

  • Англия: Трент Александер-Арнолд, Жо Гомес, Алекс Окслейд-Чемберлен, Адам Лаллана, Жордан Ҳендерсон ва Росс Баркли, Дэнни Дринкуотер, Каллум Ҳадсон-Одои, Рубен Лофтус-Чик, Тэмми Абрахам
  • Бразилия: Алиссон, Фабиньо, Роберто Фирмино ва Виллиан.
  • Хорватия: Деян Ловрен ва Матео Ковачич
  • Бельгия: Дивок Ориги ва Миши Бацҳуайи

Аввал битта жамоада ўйнаган футболчилар:

  • Муҳаммад Салоҳ ва Эмерсон, Антонио Рюдигер («Рома» 2015/17)
  • Алиссон ва Эмерсон («Рома» 2016/18)
  • Алиссон ва Антонио Рюдигер («Рома» 2016/17)
  • Муҳаммад Салоҳ ва Маркос Алонсо («Фиорентина» 2015)

Фоотбоом материали асосида Асрор Абдуназаров ҳамда Нодирхон Ҳамидхонов тайёрлади.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!