Россиянинг Архангельск вилоятида 8 август куни энг янги «ишланма»ни синовдан ўтказиш вақтида портлаш юз берди, ҳодиса оқибатида Саров ядровий марказининг беш нафар ходими ва икки ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Портлашдан сўнг ҳудудда радиация даражаси ошгани қайд этилди, Оқ денгизнинг бир қисми кемалар қатнови учун ёпилди. АҚШнинг расман маълум қилишича, портлаган «ишланма»нинг номи — «Буревестник»; бу Россия президенти Владимир Путин томонидан тақдимоти бир йил аввал ўтказилган ядро реакторли энг янги ракета. Meduza ушбу ракета ҳақида ёзиб, нима учун айнан у портлаган деб тахмин қилинаётганига асослар келтирди.

Ҳарбийлар нимани синовдан ўтказаётган эди?

Северодвинск шаҳридан 30 километр узоқликда, Архангельск вилоятининг Нёнокса шаҳарчасида Россия ҳарбий-денгиз флоти (ҲДФ)нинг Марказий ракета полигони жойлашган. Ҳарбийлар ва амалдорларнинг сўзларига кўра, 8 август куни у ерда суюқлик двигателли қандайдир ракета синовдан ўтказилган, ракета шаҳарча яқинидаги денгиз платформасидан учирилган. Портлашдан бир неча синовчи сувга отилиб кетиб, ҳалок бўлган. Портлаш «ҳодисаларнинг муваффақиятсиз кетма-кетлиги» оқибатида юз берган.

Нёноксадаги ракета полигони ва ҳарбий база, 2018 йил.
Фото: Meduza

Саров маркази раҳбарияти портлаш муносабати билан берган баёнотида синовчилар радиоактив материаллари бор қурилма устида иш олиб борганини тасдиқлаган. Улар 8 август куни айнан нима синовдан ўтказилганини айтмаган, бироқ бир-биридан кескин фарқ қиладиган ўзининг икки ишланмасини тилга олиб ўтган. Бу — радиоизотоплар асосидаги ёнилғи унсурлари (РИТЭГ) ва АҚШнинг NASA космик агентлиги томонидан ишлаб чиқилаётган Kilopower лойиҳасидагига ўхшаш кам қувватли митти реактор.

Радиоизотоп ядроларининг табиий (яъни, занжир реакциясисиз) парчаланиши натижасида ажралиб чиқадиган қувватдан фойдаланувчи ёнилғи унсурларидан 1960 йиллардан бери, узоқ вақт давомида ишлаши керак бўлган ва ускуналарига мунтазам техник хизмат кўрсатиш имкони йўқ ўринларда кенг фойдаланиб келинади. Масалан, Арктикадаги навигация майоқларида ёки автоматик космик қурилмаларда.

Саров маркази раҳбарияти томонидан тилга олинган Kilopower реактори NASA томонидан космик қурилмалар учун ишлаб чиқилган. РИТЭГдан фарқли ўлароқ, у тўлақонли занжир реакцияси натижасида олинадиган энергиядан фойдаланади. Бундай реакторнинг қуввати кўп эмас — бир киловаттдан 10 киловаттгача; унинг космик тадқиқотлар учун қизиқ жиҳати — хизмат кўрсатиш муддати 15 йилгача етади.

«Бироқ биз ҳозирча ё РИТЭГдан, ё киловатт синфига мансуб кам қувватли реакторлардан фойдаланиши мумкин бўлган бирорта ракета двигатели ҳақида билмаймиз», — деб ёзади Meduza.

Радиоизотопли ёнилғи унсурларидан, эҳтимол, ҳозирда ишлаб чиқилаётган «Скиф» сув остида жойлашувчи баллистик ракета мажмуасида фойдаланилаётган бўлиши мумкин. Маълумотларга кўра, мажмуа парвоз сигналини кутиб денгиз остида ётадиган ракетали контейнердан иборат бўлади. Бироқ агар ракетада РИТЭГлардан фойдаланилаётган бўлса ҳам, бу двигателни ишлатиш учун эмас, балки бутун мажмуани қувват билан таъминлаш учун мўлжалланган. Нима бўлганда ҳам, «Скиф» қандай тузилгани ҳақида маълумот жуда кам — мажмуа ҳақидаги ахборот махфий. Радиоизотопли ёнилғи унсурларидан фойдаланадиган бошқа лойиҳалар ҳам мавжудлигини истисно қилиб бўлмайди.

Ҳозирча ихчам ядровий реакторлардан (тахминларга кўра) фойдаланиладиган иккита истиқболли лойиҳа ҳақида маълум: «Буревестник» қанотли ракетаси ва «Посейдон» пилотсиз сувости қурилмаси. Бироқ бу реакторлар нисбатан кучлироқ бўлиши керак.

Кўплаб экспертларнинг фикрича, Оқ денгизда айнан «Буревестник» портлаган. АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам шундай деб ёзди. Унинг сўзларига кўра, АҚШда шунга ўхшаш, лекин анча такомиллашган технологиялар бор, русларнинг уриниши эса «яхши чиқмаган».

«Буревестник» нима ўзи?

Ракета ҳақида президент Владимир Путин айтганидан кўпроқ нарса маълум эмас. 2018 йили парламентга мурожаатнома билан чиқиш қиларкан, Россия давлат раҳбари НАТОнинг замонавий ракетага қарши мудофаасини айланиб ўта оладиган янги қурол турлари қаторида «ҳаракат радиуси деярли чекланмаган» ядровий двигателли ракетани ни ҳам эълон қилган эди. Шундан бери «халқ сўровномаси» якунларига кўра «Буревестник» («Бўронқуш») деб аташга қарорга қилинган ракета синовдан ўтказилаётгани ҳақида бир неча хабар чиқди, шунингдек, ракетани ангарда йиғиш ва синаш жараёнидан видеолар эълон қилинди.

Видеороликдан ракета оддий двигатель ёрдамида ҳавога кўтарилиши, керакли тезликка эришгач эса ядровий установка ишга тушиши ҳақида хулоса қилинди. Старт двигатели қаттиқ ёнилғида ишлайди, деб ҳисобланаётган эди (Северодвинск остонасидаги авария ҳақидаги хабарларда эса суюқ ёнилғи тилга олинмоқда).

Россиялик ҳарбийларнинг аноним тарзда қайд этишича, «Буревестник»нинг двигатели синовлари 2019 йил бошида муваффақиятли ўтган. Америкалик разведкачилар эса (улар ҳам ўз исмини ошкор қилмаган) эса, аксинча, 13 та ракета синовидан бирортаси тўлиқ муваффақиятли чиқмаганини таъкидламоқда. Россиялик ҳарбий тилга олган 2019 йил бошидаги синов, америкаликларнинг маълумотларига кўра, «қисман муваффақиятли» бўлган. Уларнинг сўзларига кўра, старт (оддий) двигателдан ядровийсига ўтишда ракетада ҳар сафар муаммолар юзага келган.

Айнан «Буревестник» портлаганини тасдиқловчи қандай далиллар бор?

Бор далилларнинг бари — фақат билвосита. Лекин радиация тарқалишини бошқа бирор турдаги ракета билан боғлаш қийинлиги ҳақидаги умумий фикрдан ташқари, аниқ гаплар ҳам йўқ эмас.

Шу вақтгача «Буревестник» аҳоли пунктларидан жуда узоқда жойлашган Новая Землядаги ядровий полигонда синовдан ўтказиляпти, деб ҳисобланарди. Бироқ Миддлбери институтининг ракета ва ядровий қурол масалалари билан шуғулланувчи Жеффри Льюис гуруҳи турли йилларда олинган тижорий сунъий йўлдошларнинг суратларини ўрганиб чиқиб, Новая Землядаги база 2018 йилда ёпилганини, унга жуда ўхшаш база эса 2019 йил баҳорида (ёки ундан ҳам олдинроқ) Нёноксада пайдо бўлганини аниқлаган. Бу — айнан «Буревестник» синовдан ўтказилганини тасдиқловчи биринчи далил.

Иккинчидан, Россия 8—11 август кунлари Оқ денгиз билан Новая Земля оралиғидаги жуда катта ҳудудда парвоз қилиш хавфли экани ҳақида фуқаролик авиацияси учувчиларини огоҳлантирган эди; шунингдек, шу ҳудуддан ўтган халқаро авиация трассасининг бир қисми ҳам ёпилган эди. Тақиқланган ҳудуд жойлашувидан хулоса қилинса, тақиқлар айнан Нёноксадаги синовлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шундай қилиб, синалаётган ракета йўналишини ҳам тахмин қилиш мумкин — Нёноксадан Новая Землядаги ядро полигонига, яъни, аввалги синовлар вақтида «Буревестник»лар қулаган жойга.

Эътиборга молик жиҳати, Россия ушбу ҳудудни бундан аввал ҳам парвозлар учун ёпган эди. Фуқаролик авиациясининг амалдаги учувчиси исми сир қолиши шарти билан Meduza’га маълум қилишича, парвозга чекловлар тез-тез кузатилади: бу ҳарбийларнинг фаолияти билан ҳам, метеозондлар ёки бошқа қурилмаларни учириш билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Учинчидан, «Буревестник»лар учун двигатель яратиш билан айнан «Росатом» шуғулланган. Иш ҳақидаги эълонлардан хулоса қилинса, ҳалок бўлган синовчилар ишлаган Саров марказининг 12-конструкторлик бюроси (КБ-12) қандайдир сирли «махсус қурилма» устида иш олиб борган. Саров шаҳарчаси форумларида бюродаги маош марказдаги ўртача ойликдан юқори экани, КБнинг ўзи эса, бошқа бўлинмалардан фарқли равишда, жуда катта ва муҳим бир лойиҳа устида ишлаётгани кўп муҳокама қилинган.