Жорий йилнинг 6 август куни Ҳиндистон Қишлоқ хўжалиги ва фермерлар фаровонлиги вазирлигида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи Иброҳим Эргашев раҳбарлигидаги делегация ҳамда Ҳиндистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги давлат вазири П.Рупала ўртасида учрашув ўтказилди. Бу ҳақда «Ўздавкарантин» инспекцияси ахборот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Мулоқот давомида мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 30 сентябрь — 1 октябрь кунлари Ҳиндистонга бўлиб ўтган давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққани эътироф этилди. Ўз навбатида ташриф доирасида «Ўздавкарантин» инспекцияси ҳамда Ҳиндистон Қишлоқ хўжалиги ва фермерлар фаровонлиги вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги протокол имзоланиши ўзаро манфаатли келишувларга замин яратгани таъкидланди.
Музокаралар натижасида Ўзбекистондан Ҳиндистонга 29 хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (қовун, лимон, нўхат, писта, анор уруғлари, занжабил, грек ёнғоғи, ерёнғоқ, узум, ловия, ўрик, олхўри, олча, гилос, олма, шафтоли, нок, аччиқ қалампир, пиёз, сабзи, картошка, булғор қалампири, ковул, укроп, райҳон, ялпиз, петрушка, селдерей) экспорт қилинишига рухсат олинди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган даврда Ҳиндистонга Ўзбекистондан 7 хил қишлоқ хўжалиги маҳсулоти — гилос, олча, ўрик, шафтоли, олхўри, мош, майиз экспорт қилинган.
Демак, эндиликда ўзбекистонлик деҳқон-фермерлар томонидан етиштирилган яна бир нечта турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ҳиндистонга экспорт қилиш имконияти юзага келди.
Мулоқот давомида, шунингдек, томонлар малака ошириш ва тажриба алмашиш масаласини муҳокама қилди. Хусусан, инспекция мутахассислари 2019—2020 йилларда ҳинд диёрининг ихтисослашган муассасаларида соҳага оид замонавий билимларни ўзлаштириши бўйича дастлабки келишувга эришилди. Таъкидлаш жоизки, ўтган йили ҳам 25 нафар ўзбекистонлик мутахассис Ҳиндистон карантин хизмати томонидан ташкил этилган ўқув семинарида муваффақиятли қатнашган эди.
Изоҳ (0)