«Угом—Чотқол давлат миллий табиат боғининг айрим табиий ҳудудлари ва объектларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг «Урунғоч» кўли ва унга туташ ҳудудларни давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.
Тошкент вилояти ҳокимлигига бир ой муддатда Угом—Чотқол давлат миллий табиат боғи (УЧДМТБ) Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашган майдони 43 га бўлган «Урунғоч» табиий кўли ва унга туташ ҳудудларни ўрнатилган тартибда давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилиниши топширилади.
Белгиланишича, «Урунғоч» давлат гидрологик табиат ёдгорлиги Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашган, унинг бир қисми бўлиб, мазкур хўжалик томонидан ерлари олиб қўйилмаган ва объектга салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай фаолиятни тақиқлаган ҳолда бошқарилади.
Қуйидагилар «Урунғоч» гидрологик табиат ёдгорлигининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
— табиий кўл ва унга туташ ҳудудларни ўзгартирилмаган ҳолда сақлаш;
— тоғ экотизими ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини қайта тиклаш ва такрор кўпайтириш;
— экологик туризмни ташкил этиш;
— илмий ва экологик-маърифий ишларни ўтказиш;
— аҳолининг экологик таълим ва тарбиясига кўмаклашиш.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мазкур вазифаларни бажариш учун масъул орган этиб тайинланади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:
— Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги штат бирликлари доирасида «Урунғоч» давлат гидрологик табиат ёдгорлигини тегишли малака ва маълумотга эга мутахассислари томонидан қўриқлаш учун бириктирилиши назарда тутилади;
— Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда «Урунғоч» давлат гидрологик табиат ёдгорлиги ҳудудида сайёҳлик маршрутларини аниқлаш, йўлакларни жиҳозлашни, шийпонлар, ўриндиқлар, чиқинди ташлаш қутилари, ахборот ва чеклов белгиларини ўрнатишни, ҳожатхоналарни (биотуалетлар) жойлаштиришни назарда тутувчи масалаларини ҳал этиш;
— «Урунғоч» давлат гидрологик табиат ёдгорлиги ҳудуди учун мумкин бўлган рекреацион босим меъёрларини (муайян вақт давомида ташриф буюрувчиларнинг максимал рухсат этилган сони) ишлаб чиқиш;
— Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Давлат экология қўмитаси билан биргаликда давлат экологик назоратни амалга ошириш мақсадида УЧДМТБ Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида экологик постнинг ўрнатилиш жойини аниқлаш ва уни жойлаштириш учун ўрнатилган тартибда ер участкаси ажратиш;
— УЧДМТБнинг қўриқхона зонасини ташкил этиш учун унинг ҳудудини ўрганиш ва ўрганиш натижалари бўйича ҳужжатларни давлат экологик экспертизасига тақдим этиш.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Давлат экология қўмитаси ва Фанлар академияси билан бирга жорий йилнинг охиригача давлат табиат ёдгорликлари деб эълон қилиш ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни давлат кадастрига киритиш учун мамлакатдаги табиий объектлар ва комплексларни, шу жумладан, ёши 100 ва ундан ошган дарахтларни таснифи билан хатловдан ўтказади.
Изоҳ (0)