Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитаси «Оқтепа» клубининг собиқ бош мураббийи Ярослав Крушелницкийни 1 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайтида хабар берилди.
Маълум бўлишича, Крушелницкий 2019 йил 12 июнь куни ўтказилган «Оқтепа» ва «Ифтихор» футбол клублари ўртасидаги ўртоқлик учрашувида тотализатор ўйнига аралашган. Жазо тайинлашда Ярослав Крушелницкийнинг ўз айбини тўлиқ тан олиб, қаттиқ пушаймонлигини билдирганлигини инобатга олинган.
Ўша учрашувда «Ифтихор» клуби шарафини ҳимоя қилган, ҳозирда эса «Қизилқум» жамоасида фаолият олиб бораётган Нодир Камолов ҳам тотализатор ўйини иштирокчисига айлангани аниқланди. Камолов ҳам ўз айбини тўлиқ тан олиб, қаттиқ пушаймонлигини билдирганлиги учун Қўмита томонидан олти ой муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)