Адлия вазирлиги томонидан сўнгги вақтларда аҳолида «Қурол тўғрисида«ги қонун билан боғлиқ 5 тушунмовчиликлар сабаб юзага келадиган саволларга аниқлик киритилди.
Жавоблар битта инфографикада акс эттирилди, 5 та саволлар қуйидагилар:
1. Янги қонун қурол бўйича қандай енгилликлар беради?
Ҳеч қандай. Аксинча бугунги кундагига қараганда кўплаб чекловлар ва янги тартиблар киритади. Масалан, эндиликда электрошокер ва газли қуролларни фақатгина рухсатнома олгандан кейин сотиб олиш мумкин. Илгари бундай чеклов мавжуд эмас эди.
2. Фуқаролар эндиликда ўзи истаган қуролни сотиб олиши мумкинми?
Асло йўқ. Янги қонун бу масала қатъий чекловларни ўрнатди.
Фуқаролар фақат ов, спорт ва ўзини ҳимоя қилиш мақсадида электрошокер ва газли қуролларни рухсатнома асосида харид қилиши мумкин.
Бунда ов қуролидан фақат ов мақсадида, спорт қуролидан фақат спорт мусобақалари ва машғулотларида фойдаланиш мумкин.
Фуқаролар бошқа турдаги қуролларга эгалик қилишлари қатъиян тақиқланади.
3. Қонун қабул қилинишдан илгари ҳам фуқаролар қурол сотиб олиши мумкинмиди? Ёки бу янгиликми?
Бу янгилик эмас. Фуқаролар шу кунга қадар ҳам ов, спорт, пневматик қуролларни овчилик жамиятлари ва спорт дўконидан сотиб олиш мумкин эди.
Янги қонунда фуқаровий қуролларни аниқ тушунчалари ва таснифлари белгилаб берилди. Шунингдек, қуролларни сотиб олиш ва сақлаш бўйича қатор талаб ва чекловлар қўйилди.
4. Фуқаровий қуролни исталган жойда олиб юриш мумкинми?
Мумкин эмас. Қонунда фуқаровий қурол олиб юриш мумкин бўлмаган объэктлар аниқ белгилаб қўйилди. Илгари бу масала аниқ тартибга солинмаган эди.
Масалан, оммавий тадбирлар вақтида, кўнгилочар ва ҳордиқ чиқариш жойларида, таълим, тиббиёт муассасаларида, шунингдек, маст ҳолда фуқаровий қуролни олиб юриш қатъиян тақиқланди.
5. Фуқаровий қуролларни ҳар қандай шахс олиши мумкинми?
Йўқ мумкин эмас. Қонунда қурол сотиб олиши мумкин бўлмаган шахслар тоифаси ҳам аниқ белгилаб берилди.
Жумладан, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлар, жиноий жазони ўтаётганлар, доимий яшаш жойига эга бўлмаганлар, жиноят иши қўзғатилганлар ва илгари қурол билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар қурол сотиб олиш ҳуқуқига эга эмас.
Изоҳ (0)