Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ва иссиқхона хўжаликларини ёнилғи ўрнида кўмирдан фойдаланишга ўтказиш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
2017—2021 йилларда ғишт, цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарни, иссиқхона хўжаликларини босқичма-босқич муқобил ёнилғи турларига (кўмир) ўтказиш кўзда тутилган. Ушбу мақсадда, биринчи навбатда, республиканинг барча вилоятларида тадбиркорлар иштирокида кўмирдан ёнилғи сифатида фойдаланишнинг афзалликларини тушунтириб берувчи ишчи гуруҳлари ташкил этилди.
Иккинчидан, кўмирдан фойдаланишнинг фойдалилигини ўрганиш мақсадида махсус таҳлилий ишлар ўтказилди. Шу мақсадда, бир қатор иссиқхона хўжаликлари ва ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарда тажриба ўтказилди. Натижада, табиий газ ўрнига кўмирдан фойдаланилганда 45—55 фоиз миқдорида ёнилғини тежаш мумкинлиги ҳақида хулосага келинди.
Учинчидан, табиий газ етказиб бериш тақчил, вақт ўтгани сари ушбу муаммо чуқурлашиб бораётган ҳудудларда кўмирга бўлган эҳтиёж ўрганиб чиқилди. Бу жойларда кўмир нафақат қулай, балки зарурий муқобил ёнилғи экани маълум бўлди. Унга бўлган эҳтиёж ойига 411 тоннани ташкил этади.
Тўртинчидан, мамлакатда кўмирдан фойдаланиш учун зарур бўлган иситиш қозонларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бошланди. Ушбу мақсадда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан учрашувлар ўтказилди ва натижада Чирчиқ шаҳрида кўмир қозонлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
2018 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ғиштнинг 33 фоизи табиий газ ўрнига кўмирдан ёнилғи сифатида фойдаланаётган корхоналарда ишлаб чиқарилди. Ушбу даврда мавжуд иссиқхона хўжаликларининг 27 фоизи кўмирдан фойдаланишга ўтказилди.
2019 йилнинг беш ойи давомида яна 94 та ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар кўмирдан муқобил ёнилғи сифатида фойдаланишга мослаштирилди, 115 та иссиқхона кўмирдан фойдаланишга қарор қилди ва унга ўтишни бошлаб юборди.
«Фақатгина Ўзбекистондаги ғишт ишлаб чиқарувчи ва иссиқхона хўжаликларини тўлиқ кўмирдан фойдаланишга ўтказиш мамлакатга ҳар йили миллиарддан ортиқ куб метр табиий газни тежаш имконини беради. Ёнилғи таннархининг тушиши эса ишлаб чиқарувчилар учун ҳам катта фойда келтиради», — дейилган хабарда.
Изоҳ (0)